Покистондан муносабат: ТХИФ-2026да имзоланадиган келишувлар Ўзбекистон иқтисодиёти ва бутун минтақа тараққиётига хизмат қилади
Июнь 17, 2026. 19:59 • 2 дақ
• 6
ИСЛОМОБОД, 17 июнь. /“Дунё” АА/. V Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчиси, Покистоннинг “Osaka Batteries” компанияси директори Муҳаммад Қосим Бин Талҳа “Дунё” ААга форум ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Покистон бизнес ҳамжамияти вакили сифатида V Тошкент халқаро инвестиция форумида (ТХИФ) иштирок этиш имкониятини юқори баҳолайман. Ушбу нуфузли анжуман нафақат Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳиятини намоён этмоқда, балки Марказий Осиёнинг янги иқтисодий марказ сифатида шаклланаётганини ҳам яққол кўрсатмоқда.
Эътиборлиси, форум дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб инвесторлар, халқаро молия институтлари, давлат раҳбарлари ва йирик компаниялар вакилларини бир майдонга жамлади.
Покистон учун Ўзбекистон стратегик ҳамкор ва Марказий Осиё бозорларига чиқишда муҳим кўприк ҳисобланади. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, инвестиция муҳитини либераллаштириш, давлат активларини хусусийлаштириш ҳамда халқаро капитал бозорларига чиқиш бўйича ташаббуслар мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини сезиларли даражада оширди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан миллий инвестиция жамғармасини халқаро бозорларга олиб чиқиш режалари инвесторлар ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Форум доирасида саноат кооперацияси, энергетика, транспорт-логистика, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва яшил технологиялар бўйича муҳокамаларда иштирок этамиз. Айниқса, Покистон ва Ўзбекистон ўртасида транспорт йўлакларини ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун янги имкониятлар очилаётгани қувонарли.
Бугунги кунда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш ҳар икки минтақа учун стратегик аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан, Тошкент халқаро инвестиция форуми бизнес мулоқотларини мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ошириш ва аниқ инвестиция қарорларини қабул қилиш учун самарали платформа вазифасини бажармоқда.
Ишончим комилки, мазкур форум якунлари бўйича эришиладиган келишувлар нафақат Ўзбекистон иқтисодиёти, балки бутун минтақа тараққиётига хизмат қилади. Покистонлик инвесторлар эса Ўзбекистон билан узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга тайёр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси