Ўзбекистон ва Албания ўзаро манфаатли сиёсий-иқтисодий шерикликнинг узоқ муддатли кун тартибини шакллантирмоқда
Июнь 16, 2026. 09:00 • 4 дақ
• 173
ТОШКЕНТ, 15 июнь. /“Дунё” АА/. 2026 йил 16–17 июнь кунлари Албания Президенти Байрам Бегай Ўзбекистонга расмий ташриф буюради ва V Тошкент халқаро инвестиция форумида (ТХИФ) иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Албания икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ҳамда кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга интилаётганини намоён этмоқда. Географик узоқликка қарамай, томонлар сиёсий мулоқотни, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ўзбекистон ва Албания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 23 ноябрда ўрнатилган. Ҳозирги вақтда расмий алоқалар Ўзбекистоннинг Венадаги ва Албаниянинг Москвадаги элчихоналари орқали амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги сиёсий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. 2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон Президентининг Албания Президенти Байрам Бегай билан ўтказган музокаралари икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлди.
Учрашувда сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Сиёсий мулоқот ва иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор механизмларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар якунида томонлар Ўзбекистон–Албания муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишдан ўзаро манфаатдор эканини таъкидлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон–Албания ҳамкорлигининг ривожланиши икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг фаоллашуви билан бирга кечмоқда.
2024 йил 24 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг Албания Европа ва ташқи ишлар вазири Игли Ҳасани билан учрашуви бу борадаги муҳим қадам бўлди. Музокаралар якунида дипломатик паспорт эгалари учун визасиз режим тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланди ва бу икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшди.
Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбарининг 2025 йил 25 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида Албаниянинг Европа ва ташқи ишлар вазири Элиса Спиропали билан ўтказган учрашувидан сўнг ҳамкорлик янада ривожланди. Музокаралар чоғида икки мамлакат ташқи ишлар вазирликлари ўртасида мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказишни ва идоралараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашни назарда тутувчи Ҳамкорлик тўғрисидаги баённома имзоланди.
Мазкур ҳужжатларнинг имзоланиши икки томонлама ҳамкорликнинг қўшимча институционал механизмларини шакллантиришга хизмат қилди. Эришилган келишувларнинг амалий натижаси ўлароқ, 2026 йил 30 апрелда ташқи ишлар вазирликлари ўртасида Ўзбекистон–Албания сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи давраси ўтказилди.
Онлайн форматда ўтган маслаҳатлашувлар икки давлат ўртасида мунтазам сиёсий мулоқотни йўлга қўйишда муҳим босқич бўлди. Бундай механизмнинг яратилиши икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли масалалар бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш учун қўшимча имкониятлар яратади.
Ўзбекистон–Албания муносабатлари таркибида сиёсий мулоқот билан бир қаторда савдо-иқтисодий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади, бироқ у ҳозирги кунда мавжуд салоҳиятга мос келмайди.
Ўзаро савдо ҳажми нисбатан камлигига қарамай, Ўзбекистон ва Албания ҳамкорликни кенгайтиришнинг устувор йўналишлари, жумладан, инвестиция соҳасида биргаликда иш олиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, Албания Президенти Байрам Бегайнинг V Тошкент халқаро инвестиция форумидаги иштироки икки мамлакат ишбилармон доиралари учун ўзаро манфаатли алоқаларни кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги муҳим ишора бўлади.
Томонларнинг фикрича, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар етказиб беришни кўпайтириш, хизмат кўрсатиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўлиши мумкин. Маданий-гуманитар алмашинувни янада ривожлантириш ва халқаро майдонларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Сиёсий мулоқотнинг изчил фаоллашуви, шартномавий-ҳуқуқий базанинг такомиллашуви ва мунтазам идоралараро маслаҳатлашувлар механизмларининг ишга туширилиши икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштириш учун қулай шароит яратмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ва Албания тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдан ўзаро манфаатдор эканини намоён этмоқда.
Икки томонлама мулоқотнинг изчил ривожланиши мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга ва турли соҳаларда амалий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Президенти
Матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси