Покистондан муносабат: Тошкент халқаро инвестиция форуми Марказий Осиё учун иқтисодий драйверга айланади
Июнь 16, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 147
ИСЛОМОБОД, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг Бахрия университети профессори Адам Сауд “Дунё” ААга шу йил 16–18 июнь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– V Тошкент халқаро инвестиция форуми (TXИФ-2026) нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун муҳим иқтисодий ва геосиёсий воқеа сифатида баҳоланмоқда. Форум минтақада инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ва халқаро капитални жалб этишнинг самарали платформасига айланиб улгурди.
Покистон нуқтаи назаридан қараганда, мазкур форум Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш учун муҳим имкониятларни яратади. Хусусан, транспорт-логистика йўлаклари, энергетика, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва саноат кооперацияси соҳаларидаги лойиҳалар икки минтақа манфаатларининг муштараклигини янада кучайтиради.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш ва хусусий сектор ролини ошириш борасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширмоқда. Натижада, мамлакат халқаро инвесторлар учун жозибадор бозорга айланиб бормоқда. 2025 йилда бўлиб ўтган форумда 97 давлатдан 8 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашгани ва умумий қиймати 30,5 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция битимлари имзолангани бунинг яққол исботидир.
Покистон учун алоҳида аҳамиятга эга жиҳатлардан яна бири – Ўзбекистоннинг трансминтақавий боғлиқликни ривожлантиришга қаратилган сиёсати ҳисобланади. Хусусан, Трансафғон темир йўли лойиҳаси, логистика марказлари ва савдо йўлакларини ривожлантириш ташаббуслари Покистоннинг денгиз портлари имкониятларини Марказий Осиё бозорлари билан боғлашга хизмат қилади. Бу эса ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт харажатларини камайтириш ва минтақавий иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Шу билан бирга, Тошкент халқаро инвестиция форуми глобал иқтисодий ноаниқликлар, таъминот занжирларидаги узилишлар ва геосиёсий кескинликлар шароитида янги ҳамкорлик форматларини излаш учун муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади. Форумнинг асосий устувор йўналишлари – барқарор ривожланиш, саноат кооперацияси, инновациялар ва “яшил” иқтисодиёт – Покистоннинг узоқ муддатли иқтисодий манфаатларига ҳам мос келади.
Ишончим комилки, TXИФ-2026 Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги инвестиция хаби сифатидаги ўрнини янада мустаҳкамлайди ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги иқтисодий интеграция учун янги имкониятлар очади. Форум доирасида қабул қилинадиган қарорлар ва имзоланадиган келишувлар эса келгусида минтақа иқтисодий тараққиётининг муҳим драйверларига айланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси