Хитойдан муносабат: “Ўзбекистон–2030” тараққиёт стратегияси Хитойнинг ривожланиш концепцияларига кўп жиҳатдан мос келади
Январ 14, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 64
ПЕКИН, 14 январь. /“Дунё” АА/. Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши маслаҳатчиси, Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш миллий бюроси директорининг собиқ ўринбосари Чан Цзилэ “Дунё” АА мухбирига “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг такомиллаштирилиши бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Яқинда делегациямиз Ўзбекистонга ташриф буюриб, қатор муҳим учрашувлар ўтказди. Биз Ўзбекистонда рўй бераётган улкан ўзгаришлар ҳақида бевосита ва катта таассуротлар олдик.
Мамлакатда “Ўзбекистон–2030” стратегиясига умумий тараққиёт харитаси сифатида қарашга қаратилган ислоҳотлар ва очиқлик жараёни жадал давом этмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётгани ва кенг истиқболга эга эканига чуқур ишонч ҳосил қилдик.
Ушбу ташриф Ўзбекистон тараққиётининг бугунги ҳолати, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги алмашинув ва ҳамкорлик натижалари, айниқса, соғлиқни сақлаш, таълим ва гуманитар алоқалар, қонунчилик ва ҳуқуқий тизим, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш каби соҳаларда эришилган натижалар ҳақидаги тасаввуримизни янада кенгайтирди. Илмий марказлар ва тегишли муассасалар ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда муҳим роль ўйнади.
Мулоқот чоғида биз Ўзбекистон давлат қурилиши ва тараққиёти соҳасида улкан ютуқларга эришаётганига шахсан ишонч ҳосил қилдик. Улкан ўсиш салоҳияти ва порлоқ истиқболларни кўрдик ва шу муносабат билан самимий ҳайрат ва табрикларимизни изҳор этамиз.
Фаол амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон ва “Ўзбекистон–2030” тараққиёт стратегиялари Хитойнинг ривожланиш концепцияларига кўп жиҳатдан мос келади. Ҳар икки томон ҳам ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатига, халқ фаровонлигига йўналтирилган ривожланиш ғояларига амал қилади, барқарор иқтисодий ўсиш ва ҳар томонлама ижтимоий ривожланишга интилади. Ғояларнинг стратегик яқинлиги икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга кучли туртки беради.
Хитой ва Ўзбекистон янги даврда дўстона қўшнилар ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклардир. “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ва “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасидаги алоқаларнинг чуқурлашуви билан икки мамлакат ўртасида инфратузилма қурилиши, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, яшил энергетика ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш каби соҳаларда ҳамкорликнинг катта истиқболлари очилмоқда. Гуманитар алмашинувларнинг чуқурлашиши икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун янада мустаҳкам ижтимоий асос яратади.
Биз Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик минтақавий барқарорлик ва тараққиётга ижобий ҳисса қўшганини чуқур англаймиз. Ишончим комилки, икки томоннинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан бу муносабатлар бундан буён ҳам янги босқичга кўтарилиб, икки халқ фаровонлигига хизмат қилади, минтақада тинчлик, барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси