Россиядан муносабат: Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлиги узоқ муддатли геосиёсий шериклик даражасига кўтарилди
Июль 11, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 121
МОСКВА, 11 июль. /“Дунё” АА/. Россия Фанлар академияси Хитой ва замонавий Осиё институти Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари вазифасини бажарувчи, Ёш олимлар кенгаши аъзоси Александра Перминова “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 8–9 июль кунлари Беларусга амалга оширган расмий ташрифи юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:
– Ўзбекистон Президентининг Беларусга ташрифи икки давлат ўртасида йиллар давомида шаклланиб келаётган шериклик алоқаларини янада кенгайтирди. Бу галги ташриф доирасида ташкил этилган учрашувларда асосий эътибор саноат кооперацияси йўналишига қаратилди.
Беларусда ишлаб чиқариш соҳаси ривожланган. Машинасозлик, қишлоқ хўжалиги техникаси, қайта ишлаш ва фармацевтика йўналишларида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон учун савдо муносабатларини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш муҳим аҳамият касб этади.
Бўлиб ўтган музокараларда икки давлат раҳбарлари томонидан Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларациянинг имзоланиши ўзаро алоқаларни мустаҳкамловчи муҳим қадам бўлди. Икки томонлама муносабатлар энди оддий савдо доирасидан чиқиб, узоқ муддатли геосиёсий шериклик форматига кўтарилди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги шериклик алоқаларининг кенгаяётганини статистик рақамлар ҳам тасдиқлайди. Хусусан, ўзаро савдо ҳажми 2025 йилда 25 фоизга, 2026 йилнинг биринчи чорагида эса қарийб 50 фоизга ошди. Жорий йилда кутилаётган 1 миллиард долларлик товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга қадар икки баробарга ошириш режалаштирилган.
Беларусь Ўзбекистон учун худди Россия каби ташқи сиёсатдаги муҳим ҳамкорлардан бири саналади. Ушбу йўналишларнинг ўзаро уйғунлиги Ўзбекистоннинг узоқ муддатли минтақалараро ҳамкорлик жараёнларини стратегик асосда ривожлантиришнинг янги босқичига чиққанини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси