Варшавадан муносабат: ТДТ сунъий интеллект ва рақамли ривожланишга устувор аҳамият қаратмоқда
Май 17, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 24
ВАРШАВА, 17 май. /“Дунё” АА/. Польшалик таниқли сиёсий таҳлилчи Наталья Потера-Ўздемир “Дунё” ААга Ўзбекистон Президентининг 15 май куни Туркистон шаҳрига амалга оширган хизмат сафари ва Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитидаги иштироки юзасидан фикр билдирди:
– Фикримча, Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг Туркистон шаҳрида “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусида ўтказилган норасмий саммити туркий давлатлар аста-секин анъанавий маданий ва тил доираларидан ташқарига чиқиб, ҳамкорликни янги йўналишларда кенгайтиришга интилаётганини яққол кўрсатади.
Янги технологиялар, иқтисодий интеграция ва рақамли трансформацияга устувор аҳамият берилиши ТДТнинг ўз ролини ўзгариб бораётган геосиёсий муҳит шароитида қайта англашга интилаётганини англатади.
Саммит кун тартибида сунъий интеллект ва рақамлаштириш масалаларининг марказий ўрин эгаллаши давлатлар томонидан технологик салоҳият келажакда халқаро мавқени белгилайдиган асосий омиллардан бири сифатида тан олинаётганидан далолат. Амалда бу киберхавфсизлик, электрон тижорат, рақамли инфратузилма, “ақлли” давлат бошқаруви тизимлари ва рақамли тўлов тизимлари соҳаларида ҳамкорликнинг янада институционаллашувига интилишдир.
Гарчи, ТДТ ҳали Европа Иттифоқи даражасидаги интеграцияга етмаган бўлса-да, у босқичма-босқич прагматик ва стратегик ҳамкорлик формати сари эволюция қилиб бормоқда.
Қозоғистонда бўлиб ўтган ушбу саммит кенг халқаро контекстда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки бу тадбир жаҳон миқёсида технологик рақобат кучайган, сунъий интеллект хавфсизлик сиёсатининг ажралмас қисмига айланган, глобал таъминот занжирлари қайта шаклланаётган ҳамда Евроосиё минтақаси стратегик транзит ва логистика маркази сифатида тобора муҳим ўрин эгаллаётган бир шароитда ўтказилди.
Умуман олганда, Туркистон саммити ТДТ ривожининг янги босқичини бошлаб бериши мумкин. Агар қабул қилинадиган қарорларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари яратилса, ташкилот келгусида нафақат маданий ва сиёсий мулоқот майдони, балки амалий вазифаларни ҳал қиладиган кучли минтақавий тузилма сифатида шаклланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Анқарадан муносабат: ТДТ сунъий интеллект, интеграция ва рақамли ривожланиш йўналишини янада кенгайтирмоқда

Душанбедан муносабат: Туркистон саммити ТДТ интеграциясида муҳим ташаббуслар майдони бўлди


