Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги “Japanistan” креатив лойиҳаси муҳокама қилинди
Апрель 09, 2026. 14:55 • 2 дақ
• 92
ТОКИО, 9 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Япония Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Cool Japan Initiative” дастури продюсери, “Cool Japan Public-Private Partnership” платформаси раҳбари ва “XPJP Inc.” компанияси бош директори Кеничи Ватанабе билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
“Cool Japan Initiative” Япония ҳукумати томонидан миллий маданият, медиа, дизайн, гастрономия ва креатив индустрияларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, мамлакатнинг “soft power” салоҳиятини оширишга қаратилган дастур ҳисобланади.
Учрашув давомида Кеничи Ватанабе Ўзбекистон ва Япония ўртасида маданий ва креатив индустриялар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Japanistan” номли лойиҳани амалга ошириш ташаббусини илгари сурди.
Лойиҳани бир неча босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, Ўзбекистон телеканаллари билан ҳамкорликда япон медиа контентлари (аниме, сериаллар, кўнгилочар дастурлар ва ҳужжатли фильмлар)ни намойиш этиш ҳамда “Japanistan” номли ҳафталик телевизион дастурни эфирга узатиш назарда тутилган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида япон маданиятига бағишланган “Japanistan” маданий марказини (аниме-кафе, япон ресторани, савдо ва бизнес мулоқот майдонлари) ташкил этиш ҳамда интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, таржима ва локализация соҳаларида маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш белгиланган.
Мулоқот давомида япон мутахассислари иштирокида Ўзбекистоннинг тарихи, маданияти ва миллий қаҳрамонларига бағишланган, аниме услубидаги миллий мультфильмлар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Кеничи Ватанабе мазкур ташаббусни муҳокама қилиш мақсадида 2026 йил 15–16 апрель кунлари Ўзбекистонга ташриф буюришини маълум қилди.
Ташриф доирасида, аввало, лойиҳанинг биринчи босқичи – Ўзбекистон телеканалларида япон аниме ва бошқа медиа контентларни намойиш этиш имкониятларини муҳокама қилиш учун тегишли вазирлик ва идоралар, миллий ва хусусий телеканаллар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилмоқда. Унда лойиҳа мазмуни, амалга ошириш механизмлари ва ҳамкорлик имкониятлари атрофлича кўриб чиқилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси