Загреб шаҳрида Ўзбекистон элчиси Хорватия ҳукумати вакиллари билан музокаралар ўтказди
Апрель 04, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 94
ЗАГРЕБ, 5 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Хорватия ҳукуматининг қатор юқори мартабали вакиллари билан самарали музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Загреб шаҳрида бўлиб ўтган учрашувларда Хорватия Бош вазири ўринбосари, денгиз транспорти ва инфратузилма вазири Олег Буткович, Меҳнат, пенсия таъминоти, оила ва ижтимоий сиёсат вазири Ален Ружич, Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги давлат котиби Франо Матушич ҳамда Бош вазирнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Дино Миханович билан мулоқот қилди.
Суҳбат жараёнида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш, мунтазам сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамловчи ҳукуматлараро битимларни имзолашга тайёр эканини билдирди.
Музокаралар чоғида меҳнат миграцияси масалалари ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, ўзбекистонлик мутахассисларни Хорватияда меҳнат қилиши учун касбга тайёрлаш бўйича қўшма таълим ва тил дастурларини йўлга қўйиш, хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон элчиси Хорватиянинг йирик энергетика компанияси “JANAF” бошқаруви раиси Степан Аданич билан учрашиб, инфратузилма ва энергетик лойиҳалар бўйича ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Иштирокчилар иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва шерикликни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга келишиб олди.
Ушбу учрашувлар Ўзбекистон ва Хорватия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини келгусида ҳам ривожлантиришга замин яратиши, икки давлат ўртасида дўстона муносабатларни янада юксалтириши алоҳида таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси