Президент Шавкат Мирзиёевнинг Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII конгресси иштирокчиларига мурожаати

Октябрь 01, 2026. 16:30 • 4 дақ

• 38
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII конгресси иштирокчиларига мурожаати

(2026 йил 1 октябрь)

 

Ҳурматли конституциявий судлар ва эквивалент институтлар раҳбарлари!

Ҳурматли судьялар ва бош котиблар!

Сизларни асрлар давомида турли халқлар, маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқот марказларидан бири бўлиб келаётган қадимий Самарқанд шаҳрида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг VII конгресси очилиши билан самимий муборакбод этаман.

Қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, бугун ҳам тинчлик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик диёри сифатидаги тарихий миссиясини муносиб адо этаётган бу улуғ заминда конституциявий одил судлов органлари вакиллари бир даврага жам бўлгани, ҳеч шубҳасиз, муҳим тарихий воқеадир.

Конституциянинг устувор ўрни, инсон ҳуқуқлари, судьяларнинг мустақиллиги ҳамда рақамли трансформация даврида адолатни таъминлаш масалаларига бағишланган нуфузли анжуманнинг юртимизда ўтказилаётгани Янги Ўзбекистонга, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларимизга юксак ҳурмат ва эътибор ифодасидир.

 

Қадрли дўстлар!

Бугунги кунда инсоният улкан имкониятлар билан бирга кўплаб синовларга ҳам дуч келмоқда. Турли қарама-қаршиликлар, иқлим ўзгариши, ижтимоий тенгсизлик, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги, ноқонуний миграция ва кибержиноятчилик каби муаммолар халқаро ҳуқуқ тамойиллари ҳамда давлатлар ўртасидаги ишончни жиддий имтиҳондан ўтказмоқда.

Бундай мураккаб вазиятда Конституциянинг устуворлиги фақат ички ҳуқуқий масала эмас, балки давлат суверенитети, жамият барқарорлиги ва умумий тараққиётнинг ҳал қилувчи шарти сифатида намоён бўлмоқда.

Биз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги барча ислоҳотларимиз марказига инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини қўймоқдамиз. «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя давлат органларининг фаолияти ва қонунларимизнинг маъно-мазмунини баҳолайдиган асосий мезонга айланмоқда. Давлат идоралари халққа хизмат қилиши, ҳар бир фуқаронинг муаммосига ўз вақтида самарали ечим топиши учун тизимли механизмларни ишга соляпмиз.

Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистоннинг суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Қонунчиликдаги зиддият ва ноаниқликларни инсон фойдасига талқин этиш, ҳуқуқий таъсир чораларининг мутаносиблиги конституциявий қоида даражасига кўтарилди.

Биз Конституцияни фақат давлат тузилиши ва ҳокимият ваколатларини белгилайдиган олий юридик ҳужжат эмас, балки халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётга бўлган хоҳиш-иродасини ифода этадиган ижтимоий концептуал мажмуа деб биламиз.

Шунингдек ўқинг

Конституцияни ҳаётимизнинг том маънодаги асосий қомусига айлантиришда конституциявий назорат органларининг ўрни беқиёс.

Конституциявий одил судлов тизими қонунларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш орқали инсон манфаатларини ҳимоя қилади, давлат ҳокимиятининг конституциявий мезонлар доирасида ҳаракат қилишини таъминлайди ва жамиятнинг адолатга бўлган юксак ишончини мустаҳкамлайди.

Судьяларнинг мустақиллиги эса ҳар бир инсоннинг адолатли судловга бўлган ҳуқуқини таъминлайдиган муҳим конституциявий кафолат бўлиб, судьянинг Конституция ва қонунлар асосида қарор қабул қилишига эришиш ислоҳотларимизнинг туб мазмунидир.

 

Муҳтарам анжуман иштирокчилари!

Маълумки, Осиё – бой давлатчилик анъаналари, турли ҳуқуқий мактаблар, маданият ва тараққиёт моделлари уйғун бўлган улкан минтақадир.

Мамлакатларимизнинг Конституциялари ва суд амалиётлари турлича бўлса-да, барчамизни инсон қадри, адолат, судьялар мустақиллиги ва қонун устуворлиги каби муштарак қадриятлар бирлаштириб туради.

Биз мазкур Ассоциацияга раислигимиз давомида Осиёда ҳуқуқий мулоқотни янги босқичга кўтариш, амалий ҳамкорлик муҳитини янада кенгайтириш, янги ташаббус ва ғояларни ишлаб чиқиш, барча аъзо давлатларга манфаат келтирадиган таъсирчан механизмларни жорий этишга ҳаракат қиляпмиз.

Аминманки, Конгресс якунида қабул қилинадиган Самарқанд декларацияси рақамли даврда конституциявий одил судлов тизими ҳар томонлама ривожланишига, адолатли жамиятни барпо этишга қаратилган умумий ёндашувларимизни мустаҳкамлашга, кенг кўламли ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Умумий мақсадимиз – бугунги замоннинг талаби бўлган сунъий интеллект ва замонавий технологияларни инсон манфаатларига ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтириш, ҳар бир шахс ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган воситага айлантиришдан иборатдир.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу нуфузли халқаро анжуманни ташкил этишга муносиб ҳисса қўшган барча ҳамкорларимизга, минтақавий ташкилотлар вакилларига ҳамда аъзо давлатлар делегацияларига самимий миннатдорлик билдираман.

Сизларни яна бир бор чин қалбдан қутлаб, ғоят масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда омад ва зафарлар, Конгресс ишига эса улкан муваффақиятлар тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш