Нагоялик тадбиркорлар Ўзбекистонга бизнес-миссия уюштиришни режалаштирмоқда

Сентябрь 23, 2026. 18:00 • 2 дақ

91
Нагоялик тадбиркорлар Ўзбекистонга бизнес-миссия уюштиришни режалаштирмоқда

НАГОЯ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Япониянинг Нагоя шаҳрида Ёш тадбиркорлар мактаби (Seikeijuku) томонидан маҳаллий тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Аичи префектураси ва унга ёндош ҳудудлардаги етакчи кичик ва ўрта корхоналар раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси дипломати махсус тақдимот билан иштирок этди.

1974 йилда ташкил этилган Seikeijuku ўтган вақт давомида тадбиркорлар ўртасида ишбилармонлик ва бизнес бошқарув кўникмаларини шакллантириш билан шуғулланиб келмоқда.

Ушбу мактаб бошқарув ва шахсий фазилатларни ривожлантириш, корпоратив тамойиллар ва узоқ муддатли ишбилармонлик алоқаларини шакллантиришга қаратилган уч йиллик таълим дастурини амалга оширади.

Форум доирасида дипломатлар Ўзбекистоннинг иқтисодиёт ва инвестиция соҳасидаги имкониятларини тақдим этиб, амалга оширилаётган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, иқтисодий ўсиш динамикаси, хорижий инвесторлар учун солиқ ва божхона имтиёзлари, эркин иқтисодий ва махсус саноат зоналари фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Кичик ва ўрта бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари ҳамда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тақдимотдан сўнг савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди. Иштирокчилар Ўзбекистоннинг географик жойлашуви, унинг ёш аҳолиси салоҳияти ва жадал ўсиб бораётган ички истеъмол бозорига алоҳида қизиқиш билдирди.

Форум давомида Seikeijuku раҳбарияти ва тадбир иштирокчилари декабрь ойида Япония бизнес делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олди.

Ташриф чоғида тадбиркорлар Тошкент шаҳри ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига бориб, етакчи корхоналар ва инвестиция лойиҳалари билан танишиш, ўзбекистонлик ишбилармонлар билан тўғридан-тўғри учрашув ва музокаралар ўтказишни режалаштирмоқда.

Ташкилотчилар форум ва Япония делегациясининг келгуси ташрифи икки мамлакат кичик ва ўрта бизнес вакиллари ўртасида янги ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишига умид билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш