ЮНЕСКО Ўзбекистоннинг маданий меросни муҳофаза қилиш ташаббусини бир овоздан қўллаб-қувватлади
Октябрь 23, 2026. 18:00 • 3 дақ
• 134
ПАРИЖ, 23 октябрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг “Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш” тўғрисидаги қарори лойиҳасини бир овоздан маъқуллади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур қарор ташкилотнинг Париждаги бош қароргоҳида Ижроия кенгашнинг 225-сессияси доирасида қабул қилинди. Ушбу ташаббусни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 30 октябрь куни Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси очилишида илгари сурган эди.
Қабул қилинган ҳужжат моддий ва номоддий маданий меросни иқлим ўзгариши, табиий офатлар, жадал урбанизация ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар каби замонавий глобал хавф-хатарлардан ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
Ҳужжатда ЮНЕСКОга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хавф-хатарларнинг олдини олиш ва уларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш, илмий билим ва илғор тажриба алмашинувини кенгайтириш назарда тутилган.
Ўзбекистоннинг 2027 йилда Хивада ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни асраш бўйича халқаро симпозиум ўтказиш ҳақидаги таклифи маъқуллангани асосий натижалардан бири бўлди.
Тадбир турли мамлакатларнинг етакчи мутахассислари, халқаро ташкилотлар, тадқиқот муассасалари ва экспертлар ҳамжамияти вакилларини бирлаштириши кутилмоқда.
Иштирокчилар маданий объектларга бўлган таҳдидларнинг олдини олиш йўллари, замонавий технологияларни қўллаш, анъанавий билимларни сақлаб қолиш ва мутахассисларнинг касбий салоҳиятини ошириш масалаларини муҳокама қилади.
Симпозиум якунлари бўйича миллий хусусиятлар ва халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, маданий меросни муҳофаза қилиш ва бошқариш усулларини такомиллаштириш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ташаббуси қарор лойиҳасига ҳаммуаллифлик қилган ЮНЕСКОга аъзо 54 та давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Улар орасида Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон ҳамда Осиё, Европа, Африка ва Лотин Америкасининг бошқа мамлакатлари бор.
Давлатлар вакиллари таклифнинг долзарблиги ва ЮНЕСКОнинг устувор йўналишларига тўла мос келишини қайд этди. Улар иқлим ўзгариши ва глобаллашув билан боғлиқ хавф-хатарлар барча мамлакатларга, уларнинг географик жойлашуви ва иқтисодий ривожланиш даражасидан қатъи назар, таъсир кўрсатиши, шу боис ҳамжиҳатликдаги халқаро саъй-ҳаракатларни талаб этишини таъкидлади.
Делегациялар Ўзбекистоннинг Буюк ипак йўлининг тарихий-маданий марказларидан бири бўлган Хива шаҳрида симпозиум ўтказишга тайёрлигини алоҳида олқишлади. Уларнинг фикрича, ушбу тадбирнинг ўтказилиши тажриба алмашиш, касбий алоқаларни ривожлантириш ва биргаликда ечимлар ишлаб чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади.
2027 йилда Хивада бўлиб ўтадиган симпозиум ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтказилган 43-сессияси доирасида бошланган ишларни давом эттириши ҳамда глобал хавф-хатарлар шароитида маданий меросни ҳимоя қилиш бўйича амалий ёндашувларни ишлаб чиқиш майдонига айланиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси