“Ambasador” журнали: Тошкент инвестиция форуми халқаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини намоён қилди

Июль 16, 2026. 10:30 • 2 дақ

73
“Ambasador” журнали: Тошкент инвестиция форуми халқаро ҳамкорликнинг янги имкониятларини намоён қилди

ВАРШАВА, 16 июль. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Ambasador” журналида Ўзбекистонда бўлиб ўтган V Тошкент халқаро инвестиция форумига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, V Тошкент халқаро инвестиция форумида 100 та давлатдан 8,3 мингдан ортиқ мутахассис иштирок этган. Хусусан, етакчи халқаро компаниялар, молия институтлари, инвестиция фондлари вакиллари ўзаро шериклик алоқалари ҳамда истиқболли лойиҳалар бўйича фикр-мулоҳаза алмашди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг Евроосиё минтақасида энг жозибадор инвестиция маркази сифатидаги ўрни тобора ортиб бораётганини эътироф этди. Шу билан бирга, мамлакатда қулай инвестиция муҳитини мустаҳкамлаш, халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Мақолада Ўзбекистон Президентининг 2040 йилгача бўлган даврда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик аҳамияти борасидаги таклиф ва ташаббусларига эътибор қаратилган. Хусусан, давлат раҳбари инвесторлар учун зарур шарт-шароит яратиш, ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, сунъий интеллектни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини модернизация қилиш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасида фикр билдирган.

Муаллифнинг таъкидлашича, хорижий инвестицияларни жалб этишда очиқлик муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода, Ўзбекистон Президентининг чет эллик инвесторларнинг ўз бизнесини ривожлантириши учун зарур имкониятлар яратиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги фикр-мулоҳазалари алоҳида эътирофга лойиқ.

“Ambasador” журнали Тошкент инвестиция форумида эришилган келишувлар ва тақдим этилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг молиявий, технологик ва логистика маркази сифатидаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётганини ҳам алоҳида таъкидлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш