“Национальная оборона” журнали: Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт модели ўз самарасини намоён этмоқда
Август 22, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 64МОСКВА, 22 август. /“Дунё” АА/. Россиянинг “Национальная оборона” журналида “Янги Ўзбекистон: Президент Шавкат Мирзиёевнинг муваффақият йўли” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Каспий стратегик тадқиқотлар институти Халқаро дастурлар бошқармаси томонидан тайёрланган мақолада ёзилишича, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Янги Ўзбекистон концепцияси давлат ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришларни бошлаб берди. “Очиқ эшиклар” ва фаол интеграция сиёсатига ўтиш республикани Марказий Осиёда инвестициялар ва геосиёсий барқарорликнинг жозибадор марказига айлантирмоқда.
Ўзбекистон ривожланиш моделининг муваффақияти макроиқтисодий кўрсаткичлар билан ўз тасдиғини топмоқда. Мамлакат ЯИМ 2016 йилдаги 50 миллиард доллардан 2025 йил якунларига кўра 147 миллиард долларгача, яъни уч бараварга ошди, ўсиш суръатлари эса 7,7 фоизгача тезлашди.
Сўнгги йилларда 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилди, экспорт ҳажми деярли уч бараварга ортди. 2030 йилга бориб иқтисодиёт ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш ва даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар қаторига кириш стратегик мақсад қилиб белгиланган.
Нашрда қайд этилишича, амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш ёндашуви ётади. Ижтимоий сиёсатнинг бош ютуғи камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқаргани бўлди. Бу миллионлаб иш ўринларини яратиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани модернизация қилиш ҳисобига таъминланди. Мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим билан қамраб олиш эса 9 фоиздан 42 фоизга етди.
Муаллиф Тошкентнинг прагматизм, кўп томонлама ёндашув ва фаолликка асосланган янги ташқи сиёсий курсига алоҳида эътибор қаратган. Минтақада ёпиқ чегаралар даври ортда қолгани, Марказий Осиёда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми 5 бараварга ошгани таъкидланади. Халқаро майдонда Ўзбекистон транспорт коридорлари лойиҳаларини, экологик ташаббусларни ва Афғонистонни глобал логистикага интеграция қилиш жараёнини фаол илгари сурмоқда.
Мақола сўнггида таъкидланишича, ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилган Ўзбекистон–Россия муносабатлари фақат давлат раҳбарлари даражасидаги алоқалар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Доимий сиёсий мулоқот парламентлараро, савдо-иқтисодий, инвестициявий, ҳудудлараро, таълим ва маданий алоқалар билан мустаҳкамланиб бормоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

