Ўзбекистон–Озарбайжон: тарихий алоқалардан стратегик иттифоқчилик сари

Август 22, 2026. 09:10 • 7 дақ

98
Ўзбекистон–Озарбайжон: тарихий алоқалардан стратегик иттифоқчилик сари

ТОШКЕНТ, 22 август. /“Дунё” АА/ Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев 23–24 август кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда мазмун ва кўлам жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Тарихий-маданий яқинлик, умумий туркий қадриятлар ва халқлар ўртасидаги самимий муносабатлар сиёсий ишонч ва амалий ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратмоқда.

2017 йилдан кейин Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари фаол ва изчил ривожланиб, стратегик шерикликдан иттифоқчилик даражасига кўтарилди. Бугунги ҳамкорлик нафақат ўзаро алоқалар, балки Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги минтақалараро боғлиқликни кучайтириш нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дипломатик муносабатлар 1995 йил 2 октябрь куни ўрнатилган. 1996 йилда Бокуда Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши икки мамлакат муносабатларининг ҳуқуқий пойдеворини яратди. Кейинги йилларда стратегик шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган янги келишувлар билан мазкур ҳуқуқий база тобора бойиб борди.

Муносабатларнинг бугунги юксак даражага кўтарилишида давлат раҳбарлари ўртасидаги ишончли ва мунтазам мулоқот ҳал қилувчи аҳамият касб этди. Президентларнинг стратегик аҳамиятга эга учрашувлари мамлакатлар ўртасидаги сиёсий ҳамжиҳатликни мустаҳкамламоқда.

2022 йил июнь ойида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муносабатларни янада кенгайтирди. Ташриф давомида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисида декларация қабул қилинди.

2023 йил август ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга давлат ташрифи эса икки томонлама алоқаларни институционал жиҳатдан мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлди. Ташриф доирасида Олий давлатлараро кенгашни ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди. Мазкур механизм давлат раҳбарлари даражасидаги стратегик мулоқотни янада кенгайтирди.

Бундан бир неча йил аввал Ўзбекистон етакчиси Қорабоғ ҳудудининг Озарбайжонга қайтарилишини “тарихий адолатни тиклаш йўлидаги ғалаба” дея таърифлаб, ушбу заминдаги кўҳна обидалар, маданият ва маърифат масканларини қайта тиклаш ишларига кўмак беришга тайёр эканини таъкидлаган эди.

Ана шу эзгу ниятларнинг амалий ифодаси сифатида 2023 йилдаги ташриф доирасида Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилган ва 960 та ўқувчига мўлжалланган Мирзо Улуғбек номидаги умумтаълим мактаб мамлакат етакчилари иштирокида тантанали равишда очилди.

Янги ўқув даргоҳи бугун нафақат замонавий таълим маскани, балки Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини янада яқинлаштирувчи, озарбайжонлик ёшларни юртимизнинг бой тарихи ва маданияти, буюк аждодларимиз илмий-маърифий мероси билан таништиришга хизмат қилаётган муҳим маънавий-маърифий муассасага айланди.

2025 йил 16 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжон ҳам ушбу форматга тўла ҳуқуқли иштирокчи сифатида қўшилди. Бу қарор Ўзбекистон Президенти раислигида қабул қилиниб, Озарбайжоннинг мазкур форматдаги иштирокини изчил қўллаб-қувватлаган. Ўша саммитда Шавкат Мирзиёев Озарбайжоннинг қўшилиши Марказий Осиё билан Жанубий Кавказ ўртасида мустаҳкам кўприк барпо этиш, ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш учун янги имкониятлар очишини таъкидлади.

Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатларида энг муҳим йўналишлардан бири иқтисодий ҳамкорликдир. Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми бир неча баробар ошиб, икки мамлакат иқтисодий салоҳиятини бир-бирига яқинлаштириш учун янги имкониятлар яратилди.

2017 йилда 32 миллион долларни ташкил этган товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 300 миллион доллардан ошди. Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажмини 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Ҳамкорликнинг мазмуни ҳам сезиларли ўзгармоқда. Агар аввал асосий эътибор савдо операцияларига қаратилган бўлса, бугун инвестиция, саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари тобора муҳим ўрин эгалламоқда. 2023 йилда устав капитали 500 миллион доллар бўлган қўшма инвестиция фондини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилгани йирик лойиҳаларни молиялаштириш учун муҳим механизм яратди.

Ҳозирда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 470 тадан зиёд корхона фаолият юритмоқда. Улар саноат, энергетика, қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат, молия ва хизматлар соҳаларини қамраб олган. Айни пайтда Озарбайжонда ҳам Ўзбекистон компанияларининг фаолияти кенгайиб бормоқда.

Машинасозлик, энергетика, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва қурилиш соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар ўзаро иқтисодий ҳамкорликнинг амалий мазмунини бойитмоқда. Бизнес форумларида шаклланаётган йирик лойиҳалар портфели эса хусусий секторнинг ушбу жараёндаги роли ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам истиқболли йўналишлардан бирига айланмоқда. 2025 йил июль ойида Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефть компанияси ва “Ўзбекнефтегаз” АЖ ўртасида Устюрт нефть-газ минтақасидаги инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни назарда тутувчи маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битим имзоланди.

Битим энергетика соҳасидаги шерикликни янги босқичга олиб чиқиб, углеводород ресурсларини қидириш ва ўзлаштириш борасида узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг географик жойлашуви транспорт соҳасидаги ҳамкорлик учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Марказий Осиёни Каспий денгизи, Жанубий Кавказ ва Европа бозорлари билан боғлайдиган Транскаспий халқаро транспорт йўлаги – Ўрта йўлак икки мамлакат манфаатлари кесишадиган асосий йўналишлардан биридир.

2022 йилда Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркия ўртасида ташқи ишлар, иқтисодиёт ва транспорт вазирлари даражасида уч томонлама мулоқотнинг йўлга қўйилиши ҳам шу мақсадга хизмат қилди. Кейинчалик мазкур формат транспорт, логистика ва минтақавий иқтисодий боғлиқликни кучайтириш воситаларидан бирига айланди.

Ўзбекистон учун Озарбайжон орқали Европа бозорларига чиқиш экспорт географиясини кенгайтириш, етказиб бериш маршрутларини диверсификация қилиш ва ташқи савдонинг барқарорлигини таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим. Озарбайжон учун эса Марказий Осиёнинг йирик бозорлари ва ишлаб чиқариш салоҳияти билан яқинлашиш янги иқтисодий имкониятларни очади.

Электрон рухсатномаларни жорий этиш, юк ташиш ҳажмини ошириш ва авиақатновларни кенгайтириш бўйича амалий чоралар транспорт ҳамкорлиги сиёсий мақсадлар билан чекланиб қолмаётганини, балки реал иқтисодий мазмун касб этаётганини кўрсатмоқда.

Икки томонлама муносабатларнинг яна бир муҳим хусусияти – ҳамкорликнинг ҳудудлар, бизнес, таълим муассасалари ва жамоатчиликкача кенгайиб бораётганидир.

Тошкент, Губа ва Бокуда ўтказилган Ўзбекистон–Озарбайжон ҳудудлараро форумларида кўплаб келишувлар имзоланди. Самарқанд ва Ганжа, Хива ва Шуша, Бухоро ва Ленкоран, Қўқон ва Шеки каби шаҳарлар ўртасидаги алоқалар савдо ва инвестициядан ташқари туризм, маданият ва тажриба алмашинуви учун ҳам янги имкониятлар яратмоқда.

Маданий-гуманитар алоқалар эса икки халқни бир-бирига боғлаб турувчи энг мустаҳкам омиллардан биридир. Алишер Навоий ва Низомий Ганжавий каби буюк мутафаккирлар мероси, умумий туркий маданий макон, мусиқа, адабиёт ва санъат соҳаларидаги яқинлик икки мамлакат халқлари ўртасидаги маънавий муштаракликни янада кучайтирмоқда.

Тошкентда Низомий Ганжавий ва Ҳайдар Алиевга бағишланган мажмуалар, Бокуда Алишер Навоий ҳайкали каби рамзий ташаббуслар халқлар ўртасидаги ҳурмат ва дўстликнинг ёрқин ифодасидир. Маданият кунлари, кинофестиваллар, театр гастроллари, илмий анжуманлар ва санъат тадбирларининг мунтазам ташкил этилиши бу яқинликни амалий мазмун билан бойитмоқда.

Таълим соҳасида ректорлар форумларининг ташкил этилиши, олий таълим муассасалари ўртасида янги шартномаларнинг имзоланиши умумий таълим ва илмий макон шаклланаётганидан далолат беради. Ёшлар алмашинуви, туризм ва гуманитар мулоқотларнинг кенгайиши эса узоқ муддатда иттифоқчилик муносабатларининг ижтимоий пойдеворини янада мустаҳкамлайди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги иттифоқчилик фақат икки давлат муносабатлари доирасидаги жараён эмас. У Марказий Осиё ва Жанубий Кавказнинг ўзаро яқинлашувида муҳим омилга айланмоқда.

Икки давлат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати, Туркий давлатлар ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасида ҳамкорлик қилиб, қатор минтақавий ва глобал масалаларда позицияларини мувофиқлаштириб келмоқда.

Бугун Ўзбекистон–Озарбайжон муносабатлари институционал жиҳатдан мустаҳкам, иқтисодий мазмун билан бойиган ва жамоатчилик даражасида кенгайиб бораётган чинакам иттифоқчилик моделига айланмоқда. Энди асосий вазифа эришилган сиёсий келишувларни аниқ иқтисодий, технологик ва гуманитар натижаларга айлантиришдан иборат.

Бу борада ўзаро савдони 1 миллиард долларга етказиш, қўшма инвестиция механизмларидан самарали фойдаланиш, саноат кооперациясини кенгайтириш, Ўрта йўлак салоҳиятини тўлиқ ишга солиш, “яшил” энергетика лойиҳаларини илгари суриш, рақамли технологиялар ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик қилиш устувор вазифалар бўлиб қолади. Ҳудудлараро алоқалар, таълим, илм-фан, туризм ва маданий-гуманитар мулоқотни янада кенгайтириш эса иттифоқчиликнинг халқлар ҳаётидаги амалий самарасини оширади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари қисқа давр ичида шиддатли эволюцияни бошдан кечирди. Дипломатик алоқалардан дўстлик ва стратегик шерикликка, ундан эса институционал жиҳатдан мустаҳкамланган иттифоқчилик муносабатларигача бўлган йўл босиб ўтилди. Бу жараённинг асосида сиёсий ишонч, ўзаро манфаат, тарихий-маданий яқинлик ва келажак тараққиётига бўлган муштарак қараш мужассам.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати

архивидан олинган сурат

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш