Logo

Ўзбекистон ва Ҳиндистон университетлари журналистика соҳасида замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

Октябрь 28, 2025. 19:42 • 2 дақ

277
Ўзбекистон ва Ҳиндистон университетлари журналистика соҳасида замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган ҳамкорликни фаоллаштирмоқда

ДЕҲЛИ, 28 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида (ЎзЖОКУ) Ҳиндистоннинг MERI Институтлар гуруҳи делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Бу замонавий кадрлар, шу жумладан, журналистика соҳасидаги малакали мутахассисларни тайёрлашда ўзаро ҳамкорлик муҳимлигини намоён этмоқда.

Икки олий таълим муассасаси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик жорий йил баҳорида ЎзЖОКУ делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи чоғида Англашув меморандуми имзоланиши билан бошланган эди.

Ушбу ҳужжат стратегик аҳамиятга эга бўлиб, кенг кўламли қўшма фаолиятни назарда тутади. Ҳамкорлик талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, икки томонлама (дуал) дипломлар бериш, семинарлар, конференциялар ташкил этиш, истиқболли йўналишларда илмий тадқиқотлар ўтказиш ва бошқа муҳим жиҳатларни қамраб олган.

Музокаралар чоғида томонлар аввал эришилган ўзаро келишувларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилди. Хусусан, талаба-журналистлар учун қўшма маърузалар ташкил этиш, ихтисослашган онлайн курслар ўтказиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви ва икки томонлама ҳамкорликнинг бошқа амалий жиҳатлари кўриб чиқилди.

ЎзЖОКУ учун таркибига Журналистика ва оммавий коммуникациялар коллежи кирувчи MERI Институтлар гуруҳи билан ҳамкорликнинг аҳамияти юқоридир, чунки Ҳиндистон коллежи назарий билимлар ва амалиётнинг уйғунлигига катта эътибор қаратади. MERI коллежи талабалари учун замонавий таълим шароитлари, шу жумладан, телевидение ва радио соҳасида материаллар тайёрлаш учун қулай имкониятлар яратилган ҳамда бўлажак журналистларнинг аксарияти мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг журналистика таълими соҳасидаги ҳамкорлиги юқори малакали, рақобатбардош мутахассисларни тайёрлашга ва ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш