Logo

Берлинда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ўтказилди

Ноябрь 23, 2025. 13:54 • 5 дақ

174
Берлинда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ўтказилди

БЕРЛИН, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Германиянинг тадқиқотлар, технология ва космос федерал вазирлиги, Академик алмашинувлар хизмати (DAAD) ҳамда Германия тадқиқотлар жамияти (DFG) фонди билан ҳамкорликда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликка бағишланган катта тадбирга Германиянинг тадқиқотлар, технология ва космос федерал вазирлиги, Университетлар ректорлари Конференцияси раҳбарияти ва вакиллари, университетлар, тадқиқот институтлари, илмий марказлар раҳбарлари, таълим грантлари бўйича фондлар вакиллари, шунингдек, мамлакатимиздан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири биринчи ўринбосари Сардор Ражабов бошчилигидаги делегация жами икки давлат томонидан 200га яқин олийгоҳлар ва илмий муассасалар раҳбарлари ташриф буюрди.

Тадбирнинг очилишида элчи Дилшод Ахатов сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади ва юртимизда барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳам амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида халқаро ҳамкорлик, жумладан Германия билан ҳам тобора кенгайиб бораётгани, сўнгги пайтлардаги қўшма лойиҳалар, қўшма форумлар ҳамда анжуманлар бунинг тасдиғи эканлигини таъкидлади. Шунингдек, мазкур форум Ўзбекистон-Германия муносабатларида биринчи маротаба, айниқса сиёсат, иқтисодиёт, таълим, илм-фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик жадал ривожланаётган бир даврда ўтказилаётгани билан тарихий аҳамиятга эга эканлигини айтди. Дипломатия ваколатхонаси раҳбари жорий йил 28 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Германия қўшма комиссиясининг бешинчи йиғилишида университетлар ўртасида лойиҳалар, академик мобиллик дастурлари, илмий-тадқиқот институтлари ҳамкорлиги, ёш олимлар ўртасида қўшма ташаббусларни илгари суришни кенгайтириш тўғрисида келишувларга эришилганини қайд этди.

Вазир биринчи ўринбосари ўз чиқишида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлаб, икки мамлакат университет ва илмий муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурлари, илмий тадқиқотлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигига эътибор қаратди. Шунингдек, у Ўзбекистон олий таълим тизимидаги ислоҳотлар халқаро тажриба ва инновацияларга асосланаётгани, бундай форумлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омил эканини алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Германия университетлари ректорлари Конференцияси президенти Вальтер Розентал, Германия илмий-тадқиқотлар жамияти фонди вице-президенти Карин Якобслар ҳам сўзга чиқиб, мамлакатимиз билан фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш истагида эканликлари, қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишга тайёрликларини билдирдилар.

Форум доирасида "Таълим ва академик ҳамкорлик", "Илмий тадқиқотлар ва иноовациялар" мавзуларида панел сессиялар ўтказилди. Унда мамлакатимиз ва Германия университетлари ректорлари долзарб мавзулар бўйича маърузалар қилдилар ва иштирокчиларнинг ҳамкорлик бўйича қизиқтирган саволларига жавоб бердилар.

Бундан ташқари, икки томонлама учрашувларда университетлар ректорлари ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари бўйича келишувларга эришилди ва 60дан ортиқ меморандум ва келишувлар имзоланди.

Тадбир сўнггида мамлакатимизда таълим, илм-фан соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшган бир қатор немис профессорларига ректорлар томонидан "Фахрий профессорлик" унвонлари топширилди.

Форум замонавий илм-фан ва таълим соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун муҳим ва самарали платформа бўлиб хизмат қилди.

Германия университетлари ректорлари конференцияси президенти проф. др. Вальтер Розентал:

- Бугун мамлакатларимиз ўртасида илм-фан соҳасида жуда яхши ҳамкорлик муносабатлари шаклланди, университетлар ўртасида академик алмашинув жуда динамик ривожланмоқда. Бу форумга кўпчиликнинг иштироки ўзаро ҳамкорликка бўлган қизиқишнинг юқорилигидан дарак беради. Ўзбекистоннинг вазир ўринбосари билан жуда яхши суҳбат ўтказдим. Суҳбат чоғида тўртта масала, яъни аккредитация, икки мамлакатда университетлар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар, яъни юқори даражадаги илмий тадқиқотлар кластерини яратиш ҳамда талабалар алмашинуви бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Эндиликда мазкур аниқ тўрт йўналишда ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз.

Германия илмий тадқиқотлар жамияти (Deutsche Forschunsggesellschaft) фонди президенти ўринбосари проф. д-р Карин Якобс:

- Бугунги форумда иштирок этганимдан жуда мамнунман. Бу ерда Германия тадқиқот жамғармаси (DFG) президенти, проф. Катя Бекер хоним номидан иштирок этмоқдаман. Биз бу ерда кўплаб ўзбек ва немис олимлари, университет ректорлари ҳамда Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилишни истаган олийгоҳлар вакиллари билан учрашдик. Қўшма илмий лойиҳаларни амалга оширишда ўзбек томони имкониятларини ўрганиш биз учун муҳим. Келгуси йил баҳор ойларида Германиянинг амалий фанлари университетлари, техникумлари вакилларидан иборат катта делегация билан Ўзбекистонга боришни ҳамда у ердаги тегишли таълим муассасалари билан учта йирик илмий лойиҳа доирасида ҳамкорлик истиқболларини ўрганишни режалаштирганмиз. Бизга Ўзбекистон томонидан қарийб 100га яқин, Германия томонидан эса тахминан 60–70та лойиҳа учун ариза келиб тушган. Сафаримиз давомида ҳар икки ҳамкор томон ўртасида алоқа ўрнатимиз ва ишонаманки, натижада юқори даражадаги кўплаб илмий ҳамкорлик алоқалари юзага келади. "Германия тадқиқот жамғармаси" Германиядаги энг катта илмий лойиҳалар молиялаштирувчисидир. Ҳар йили 30 мингдан ортиқ лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз, шундан 20 фоизи халқаро ҳамкорликдаги лойиҳалардир. Ушбу лойиҳаларга ҳар йили тахминан 3 миллион евро ажратилади.

Тошкент Давлат архитектура ва қурилиш университети ректори Баҳром Тулаганов:

- Мазкур форум Ўзбекистон ва Германия олий таълим муассасалари орасида биринчи марта бўлиб ўтди. Форум доирасида кўп қиррали келишувларга эришилди. Хусусан, дуал таълимни йўлга қўйиш, саноат ва таълим интеграцияси, саноат ва илмий тадқиқотлар интеграцияси масалалари бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, Германиянинг илмий тадқиқотлар, академик алмашинувлар бўйича жамғармалари билан узоқ муддатли таълим грантлари бериш масалалари муҳокама қилинди. Немис томони кўр маротаба давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган кўп векторли ва кўп қиррали ҳамкорликни, мамлакатимиз очилганини таъкидлади. Форум давомида мамлакатимиз билан ҳамкорликка катта қизиқиш ва ишонч билдирилди. Германиялик ҳамкорларимизнинг бизни тан олиши ва узоқ муддатли ҳамкорликка ишонч билдириши бу президентимиз бошчилигида мамлакатимизда барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳам амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижалари эътирофидир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 майда имзолаган 209-қарорига асосан, Тошкент Давлат архитектура ва қурилиш институтини такомиллаштириш ва трансформация қилиш доирасида "яшил қурилиш", сейсмик хавфсизлик, барқарор қурилиш, қурилиш материалларини такомиллаштириш, экспортни йўлга қўйиш ва бошқа йўналишлар бўйича Германиянинг „Bauhaus" университети, Дрезден, Аахен, Потсдам, Мюнхен техника университетлари билан дуал таълим, талабалар алмашинуви, тадқиқотчилар алмашинуви бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Ҳозирги кунда 20дан ортиқ талабаларимиз академик алмашинувлар доирасида Германияда таҳсил олмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш