Ўзбекистон ва Польша олий ўқув юртлари қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлашни кенгайтиради
Июль 11, 2025. 15:32 • 2 дақ
• 512
ВАРШАВА, 11 июль. "Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ходимлари "Study in Poland" йиллик учрашувида иштирок этишди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир "Perspektywy" фонди томонидан Польша Фан ва олий таълим вазирлиги ҳамда "KRASP" кўмагида ташкил этилди.
Учрашувда Туркия ва Марокаш қатори Ўзбекистонга Польша олий ўқув юртларининг устувор ҳамкори сифатида алоҳида эътибор қаратилди. "Perspektywy" фонди президенти Бианка Сивиньска Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади.
– Бугун Ўзбекистон бу соҳада минтақанинг локомотивига айланмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат келажаги бўлган таълимга катта сармоя киритмоқда, – деди жамғарма раҳбари. – Шунингдек, Президент мактаблари, техник таълим йўналишларида хотин-қизларнинг қўллаб-қувватланаётгани жуда муҳим.
Польша томони ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан, Ўзбекистон олий ўқув юртлари билан таълим дастурларида иштирок этиш, академик мобиллик ва виза ёрдамини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Учрашувда, шунингдек, 2026 йилда Бухоро ва Хива шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Польша ректорлари форумини юқори даражада ташкил этишнинг муҳимлиги таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси