Logo

Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти Италия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда

Октябрь 04, 2023. 11:55 • 3 дақ

226
Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти Италия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда

 РИМ, 4 октябрь. /«Дунё» АА/. Жорий йил 28 сентябрь - 2 октябрь кунлари мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директори, сенатор Азамат Зиёнинг Италияга амалий ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Ташриф давомида Неаполь шарқшунослик университети, «La Sapienza» университети олимлари ҳамда Италия Марказий давлат архиви ва «Sandro Teti Publishing House» нашриёт уйи мутасаддилари билан самарали учрашувлар ўтказилди.

 Жумладан, Неаполь шарқшунослик университети профессори Микеле Бернардини билан бўлиб ўтган самимий мулоқотда мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Амир Темур ва темурийлар даврига оид тарихий ҳақиқат тиклангани ҳамда сўнгги йилларда бу борадаги изланишлар изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.

Микеле Бернардини Италияда Амир Темур ва темурийлар даврига оид кўплаб тарихий манбалар мавжудлигини таъкидлаб, Генуя, Венеция ва Рим архивларидан жиддий изланишлар қилиш заруриятини билдирди. У Италияда мазкур даврга оид тарихий манбаларни ўрганиш ва уларнинг каталогини шакллантиришда амалий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ва Неаполь шарқшунослик университети ўртасида амалий ҳамкорлик ўрнатиш, илмий академик алмашинувларни йўлга қўйиш, «Ўзбекистон ва Италия шарқшунос олимлар клуби"ни ташкил этиш, Италияда Амир Темур ва темурийлар меросига оид анжуманлар ўтказиш тўғрисида келишиб олинди.

Сенатор Азамат Зиёнинг «La Sapienza» университети профессори Магда Педачи билан кечган мулоқоти чоғида Амир Темур ҳаёти ва давлатчилиги, 20 асрда туркистонликларнинг Европадаги ҳаёти, шу жумладан Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбекистонлик аскарларнинг Италия партизанлари билан биргаликда фашистларга қарши курашда иштироки тўғрисида фикр алмашилди.

Магда Педаче қадимги Туркистон ҳудуди, Марказий Осиё ва Ўрта ер денгизи бўйича маълумотлар сақланадиган Италия муассасалари ҳамда тадқиқотчилари билан ҳамкорлик ўрнатишда кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Тарих институти директори, шунингдек, Италия Марказий давлат архивига ташриф буюрди ва Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Антонио Фрерате билан суҳбатлашди.

Учрашув давомида архив фаолияти, фонди, реставрация қилиш тажрибаси ҳамда ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари билан яқиндан танишилди. Архивга аъзо бўлиш, тегишли маълумотларни излаб топиш, томонлар ўртасида алоқа ўрнатиш масалалари, ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг архивда изланиш олиб бориши ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Илмий-тадқиқот ва услубий ишларда илмий мавзуларни ишлаб чиқиш юзасидан Италия Марказий давлат архиви тажрибасини ўрганишга келишиб олинди. Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳамда тажриба алмашиши бўйича шароит яратиш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон вакилининг «Sandro Teti Publishing House» нашриёт уйи асосчиси ва раҳбари Сандро Тети билан бўлиб ўтган учрашувида «Маданий туризм»ни ривожлантириш мақсадида Абу Райҳон Беруний, Ал Фарғоний, Мотурудий ва бошқа буюк аждодларимизнинг ижодлари жамланган китобларни нашр этиш ҳамда Италияда тақдимотларини ўтказиш, Амир Темур ва темурийлар даврига оид маданий мерос ва маълумотлар юзасидан Ватикан, Генуя, Венеция музейларда изланишлар олиб бориш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Бўлиб ўтган мулоқот якунида, италия жамиятини Ўзбекистон тарихи ва уламоларига бўлган қизиқишини уйғотиш ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйиш дастлабки босқичи сифатида «Ўзбекистон улуғлари» номли «2024 йил календари»ни чоп этиш ва Италия бўйлаб тарқатишга келишиб олинди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш