Тўқимачилик соҳасида таълим олаётган Ўзбекистон ёшлари учун Германияда тренинглар ташкил этилди
Май 14, 2025. 11:38 • 2 дақ
• 99
БЕРЛИН, 14 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакиллари, юртимиздаги бир қатор политехникумлар ўқитувчи ва талабалари ҳамда тўқимачилик соҳасининг ёш мутахассислари учун Берлин шаҳрида ўқув-тренинглари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўқувлар Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) "Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳот ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш" лойиҳаси доирасида GIZ кўмагида Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда мамлакатимиз элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур политехникуми, Самарқанд шаҳар политехникуми ўқитувчи ва талабалари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда NURTex тўқимачилик фирмаси вакилларидан иборат делегация бир қатор учрашув ва тадбирларда қатнашди.
Хусусан, текстиль йўналишидаги политехникумлар талабалари Берлин мода мактабида немис тенгдошлари билан биргаликда икки кун давомида ўзбек-немис либосларини яратиш бўйича семинар-тренингда иштирок этдилар. Икки мамлакат талабаларининг биргаликдаги ижодий ишлари Берлин мода мактабида ташкил этилган кўргазмада намойиш этилди.
Мазкур тадбир талабалар ўртасида тажриба алмашиш, маданий-маърифий алмашинувни йўлга қўйиш, иштирокчиларга касбий таълим ва ижодий индустрия соҳасида янги тенденциялар билан танишиш, турли маданий қарашларни уйғунлаштирган қўшма мода дизайни лойиҳаларини яратиш, қолаверса профессионал таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Сафар доирасида делегация аъзолари Германиянинг мутахассислар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказлари фаолияти билан танишди.
Давлат хизматчилари ва муниципал ташкилотлар ходимларини ўқитиш ва малакасини оширишга ихтисослаштирилган Берлин маъмурий академиясида ва Берлин ўқитувчилар малакасини ошириш марказида ўқувчиларни касбий амалиётга йўналтириш, касбий малакани аниқлаш бўйича фикр ва тажриба алмашилди.
Мазкур ўқувлар устозлар ва талабаларга Европа ёндашувини ўрганиш, маданиятлараро алмашинувни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва Германия касб-ҳунар таълими муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ажойиб имконият яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Берлинда "Ўзбекистон-Германия университетлари биринчи форуми" ўтказилди
ЎзДЖТУ делегацияси Аградаги университетга ташриф буюрди
Фарғона вилояти мактаб ўқитувчилари Япония таълим тажрибасини ўрганди
Буюк Британиянинг етакчи олий таълим ташкилоти билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилади