Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди
Ноябрь 07, 2025. 20:46 • 56 сония
• 67
ТОШКЕНТ, 7 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти томонидан халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу конференцияда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати вакиллари, Омбудсман, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари, халқаро экспертлар, вазирлик ва идораларнинг масъуллари, фуқаролик жамияти институтлари аъзолари, "Раҳбар аёллар мактаби" дастури битирувчилари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашди.
2030 йилгача Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси ижроси, хусусан, аёлларнинг давлат хизматидаги ўрнини ошириш ҳамда соҳада уларнинг илғор тажрибаларни жорий қилиш конференциянинг асосий мақсади ҳисобланади.
Тадбир жараёнларида давлат хизматини ислоҳ қилишда хотин-қизлар иштироки, қонунчилик ва институционал кафолатлар, халқаро индекслар ҳамда етакчилик компетенция масалалари муҳокама қилинди. OEСD, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқи вакилларининг тақдимотлари тингланди.
Конференция иши давом этмоқда. Сессияларда гендер сиёсат, тенг имкониятлар, таълим орқали интеллектуал салоҳиятни ошириш бўйича илғор амалиётлар муҳокама қилинмоқда.
Тадбир якунида аёллар учун тенг имкониятлар яратиш, раҳбар аёллар сонини ошириш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилади. Ушбу тавсиялар мамлакатимизда миллий гендер сиёсатини ривожлантиришда муҳим омил сифатида баҳоланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси