Logo

АҚШда Наврўз муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди

Март 29, 2026. 22:28 • 2 дақ

33
АҚШда Наврўз муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди

ВАШИНГТОН, 26 март. /«Дунё» АА/. Жорий йил 26 март куни Вашингтон шаҳридаги Миллий Осиё санъати музейида Марказий Осиё давлатларининг дипломатик ваколатхоналари иштирокида Наврўз байрамига бағишланган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Республикасининг элчихонаси ушбу тадбирда фаол иштирок этиб, миллий экспозицияни намойиш этди. Унда анъанавий кулолчилик буюмлари, маданий мерос намуналари, шунингдек мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ёритувчи ахборот-тарғибот материаллари тақдим этилди.

Ташриф буюрувчиларга ўзбек миллий таомлари таклиф қилиниб, улар меҳмонларда катта қизиқиш ва ижобий таассурот қолдирди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари элчихоналарининг иштирок этиши маданий мулоқотни мустаҳкамлаш, шунингдек, ягона минтақавий имижни шакллантиришга хизмат қилди.

Шунингдек ўқинг

Қўшма тақдимот орқали минтақага хос бой тарихий-маданий мерос кенг халқаро аудиторияга намойиш этилди.

Мазкур тадбир музейнинг иш вақти давомида ўтказилгани боис, унда маҳаллий аҳоли вакиллари, хорижий сайёҳлар ҳамда эксперт доиралари иштирокида кўп сонли меҳмонлар қатнашди. Бу эса Ўзбекистоннинг маданий ва сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

Тадбир давомида музей директори Чейз Робинсон Ўзбекистон нафақат миллий маданиятни, балки бутун Марказий Осиё маданий меросини халқаро майдонда тарғиб этишда муҳим ўрин тутишини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига минтақанинг бой маданий меросини оммалаштириш борасида олиб борилаётган сиёсат учун миннатдорлик билдирилди.

Тадбир якунлари бўйича қайд этилганидек, Вашингтон шаҳрида Наврўз байрамини нишонлаш юқори ташкилий даражада ўтди. Унда дипломатик корпуснинг кенг иштироки ва халқаро аудиториянинг катта қизиқиши таъминланиб, бу маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг ижобий имижини хорижда илгари суришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Shahzoda Kuchkarova

shahzoda@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш