Logo

Ўзбекистон Омбудсмани Женевада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди

Апрель 06, 2026. 17:34 • 2 дақ

82
Ўзбекистон Омбудсмани Женевада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди

ЖЕНЕВА, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Женева шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар глобал альянсининг йиллик сарҳисобига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлатлар омбудсманлари, Женевада аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Анжуман давомида Ўзбекистон Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) делегацияси “Рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон Омбудсмани тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида тақдимот қилди. Унда инсон ҳуқуқлари институтлари фаолиятини рақамли муҳитга мослаштириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва уларнинг дахлсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, камситиш ва зўравонликнинг олдини олиш, мурожаатларни қабул қилиш ва кўриб чиқишда рақамли механизмлардан фойдаланиш, ҳамда сунъий интеллект билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Тадбирнинг асосий мақсади ­­­- турли ҳудудлардаги Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари ўртасида илғор тажриба алмашишни ривожлантириш ва рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича замонавий ёндашувларни муҳокама қилишдан иборат бўлди. Ўзбекистон томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ўз нутқида мамлакатда рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жамият эҳтиёжлари ортиб бораётган шароитда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари изчил жорий этилаётганини таъкидлади.

Тадбирда Озарбайжон, Италия ва Словакия омбудсманлари, Зимбабве Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси, БМТнинг Ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш бўйича ишчи гуруҳи вакиллари ҳамда “Justice pour Tous Internationale” ижроия директори сўзга чиқиб, рақамли маконда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича илғор тажриба ва ёндашувлар ҳақида фикр юритди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар рақамли ҳуқуқларни миллий даражада ҳимоя қилишни кучайтириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва миллий институтлар ўртасида доимий мулоқотни мустаҳкамлаш зарурлиги юзасидан умумий келишувга эришди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш