Logo

Туркиянинг “Диёнат” фонди Сурхондарёдаги 900 та оилага хайрия ёрдами кўрсатди

Февраль 23, 2026. 10:00 • 55 сония

131
Туркиянинг “Диёнат” фонди Сурхондарёдаги 900 та оилага хайрия ёрдами кўрсатди
Туркиянинг “Диёнат” фонди Сурхондарёдаги 900 та оилага хайрия ёрдами кўрсатди

АНҚАРА, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда “Рамазон – меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида ўтказилаётган хайрия ишларига Туркия дин ишлари идораси ҳузуридаги “Диёнат фонди” (Diyanet Vakfı) ҳам ўз ҳиссасини қўшди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” жамоат фонди мувофиқлаштирувида амалга оширилган ушбу тадбир доирасида Сурхандарё вилоятида истиқомат қилувчи 900 та кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат мурувват ёрдамлари етказиб берилди.

Туркиянинг Тошкентдаги элчихонаси маслаҳатчиси Маҳмут Турк хайрия тадбири давомида Ўзбекистонда Рамазон ойи ўзига хос файз ва тароват билан ўтаётганини алоҳида эътироф этди:

“Рамазон ойи қардош Ўзбекистон халқига барака ва хотиржамлик олиб келсин! Бу юртда Рамазон удумлари, оилавий ифторликлар ва Қуръон хатмлари жуда гўзал тарзда амалга оширилмоқда. Биз буни кўриб жуда хурсанд бўламиз. Ушбу хайрли амаллар қардошлик ришталаримизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деди Маҳмут Турк.

Бу каби инсонпарварлик лойиҳалари икки мамлакат ўртасидаги диний-маърифий ва маданий алоқалар изчил ривожланаётганининг амалий ифодасидир. “Вақф” ва “Диёнат” фондлари ўртасидаги ҳамкорлик келгусида бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш