Logo

Зангиота туманидаги Аёллар колониясига инсон ҳуқуқларига оид тарқатма материаллар ва китоблар, шахсий гигиена воситалари топширилди

Декабрь 20, 2024. 18:49 • 3 дақ

421
Зангиота туманидаги Аёллар колониясига инсон ҳуқуқларига оид тарқатма материаллар ва китоблар, шахсий гигиена воситалари топширилди

ТОШКЕНТ, 20 декабрь. /"Дунё" АА/. Кеча Тошкент вилояти Зангиота туманидаги "Садоқат" боғи маданият марказида 21-сон колонияда жазони ўтаётган хотин-қизлар учун китоблар ва инсон ҳуқуқларига оид тарқатма материаллар, шунингдек, шахсий гигиена воситалари топширилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази томонидан ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти билан ҳамкорликда ташкил этилди. Мазкур акциянинг мақсади маҳкумаларнинг маърифат ва ҳуқуқ бўйича адабиётлардан фойдаланишини таъминлаш, шунингдек, уларни сақлаш шароитларининг санитария-гигиена ҳолатини яхшилашга кўмаклашиш бўлди.


Маросимда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, элчи Антти Карттунен, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи ўринбосари Отабек Сатимбаев, 21-колония бошлиғи Гулруҳ Каримова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев, Миллий марказ директори ўринбосари Дилноза Муратова ҳамда Жазони ижро этиш департаментининг бошқа расмий шахслари ва ходимлари иштирок этишди.


Мирзатилло Тиллабоев тадбир доирасида 600 дан ортиқ адабиёт, жумладан "Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари" журнали нашрлари, шунингдек, шахсий гигиена воситалари топширилганини қайд этди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариш, хусусан, аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда қийноқларнинг олдини олиш бўйича фаол чоралар кўраётгани таъкидланди. Айниқса, конституциявий мақомга эга бўлган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани эътироф этилди.


Элчи Антти Карттунен мазкур ташаббус "Гендер тенглик бўйича миллий механизмни илгари суришга кўмаклашиш" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётганини ва жорий йил 31 октябрда бўлиб ўтган "Жазони ижро этиш муассасаларини бошқаришнинг гендерга сезгир стратегиялари: илғор тажриба ва асосий муаммолар" мавзусидаги экспертлар давра суҳбатида бошланган ишларнинг давоми эканини таъкидлади.


Унинг айтишича, тадбир Хотин-қизларни камситишларга барҳам бериш қўмитаси (CЕДАW) тавсияларига мос келади ва озодликдан маҳрум этиш жойларида аёлларни сақлаш шароитларини яхшилашга, шу жумладан гендерга сезгир ёндашувни таъминлашга ҳамда маърифий ва маданий ривожланиш учун қулай имкониятлар яратишга қаратилган.


Отабек Сатимбаев маҳкумларни сақлаш шароитларини инсонпарварлаштириш, жумладан қариндошлар билан мулоқот қилиш, таълим олиш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ва бошқа ваколатли органлар вакиллари учун жазони ижро этиш муассасаларига кириш имконияти таъминланганини таъкидлади.


Гулруҳ Каримова маҳкумларни ахлоқан тузатиш жараёнида китобларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Муассасада кутубхона фондларидан фойдаланиш учун барча шароитлар яратилганини маълум қилди.


Дилноза Муратова таъкидлаганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган бўлиб, янги конституциявий-ҳуқуқий шартларга тўла жавоб беради. Колониянинг кутубхона фондини янгилашдан кўзланган мақсад – қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган инсонларга ёрдам бериш, уларни жамиятга қайтариш ва янги ҳаёт имкониятини бериш эканлиги қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш