ЮНЕСКО қароргоҳида ўзбек халқининг чой ичиш билан боғлиқ анъаналари тақдим этилди
Июнь 22, 2025. 11:47 • 2 дақ
• 102
ПАРИЖ, 22 июнь. /"Дунё" АА/. Франция пойтахтида жойлашган ЮНЕСКО қароргоҳида 21 май – Халқаро чой куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркия, Япония, Индонезия, Вьетнам, Шри-Ланка ва Бангладешнинг ЮНЕСКОдаги Доимий делегациялари билан биргаликда ташкил этилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистон маданияти, чойнинг ўзига хос навларидан тортиб ҳунармандчилик, тўқимачилик, кулолчилик, заргарлик буюмлари ва ўзбек миллий мусиқаси билан яқиндан танишиш имконияти тақдим этилди.
Шунингдек, байрам меҳмонлари эътиборига Марғилон ҳунармандлари томонидан қўлда тўқилган машҳур Марғилон атласи ва адрасидан тортиб, Риштон кулолларининг маҳаллий қизил лойдан қадимий технологиялардан фойдаланган ҳолда ясалган коса ва бошқа уй рўзғор буюмлари тақдим этилди.
Ўзбек миллий матоларининг ранг-баранг турлари, миллий каштачилик санъати намуналари ҳамда мамлакатимизнинг моддий меросини акс эттирувчи маҳсулотлар йиғилганларга катта таассурот қолдирди. Улардаги ҳар бир ип ва нақш бир неча авлодга бориб тақаладиган ҳунармандлар сулолалари ўртасида кўприк бўлиб, кўп асрлик анъаналарни асраб-авайлаш ва давом эттиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбек чойи тақдимотига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар халқимизнинг анъанавий чой ичиш анъаналари билан танишдилар. Бунда чой нафақат ичимлик сифатида, балки меҳмондўстлик, анъана ва урф-одатлар рамзи сифатида ҳам қабул қилинишини таъкидланди.
Тадбирда Ўзбекистон миллий таомлари хусусида ҳам батафсил сўзлаб берилди. Хусусан, 2016 йилдан буён ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган ўзбек миллий палови иштирокчиларга улашилди.
ЮНЕСКО штаб-квартирасида бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистоннинг иштироки мамлакатимизнинг моддий ва номоддий меросини кенг жамоатчиликка намойиш этиш, юртимизнинг бой мерос посбони, жаҳон маданий мулоқотининг фаол иштирокчиси сифатидаги ролини алоҳида эътироф этиш имконини берди.
БМТ Бош Ассамблеяси бутун дунёда чойнинг кўп асрлик тарихи, маданий ва иқтисодий аҳамияти, қишлоқ тараққиёти, камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнашини эътироф этган ҳолда, 21 май санасини Халқаро чой куни деб эълон қилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Аёлларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш бўйича конференция ташкил этилди