Наврўз – миллий анъана ва янги ҳаёт рамзи
Март 05, 2026. 17:15 • 4 дақ
• 35
Наврўз байрами – инсонийлик, меҳр-оқибат, мурувват ва меҳнатсеварлик каби қадриятларни ўз ичига олган қадимий умумхалқ байрамларидан бири ҳисобланади.
Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома”, Абу Бакр Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарларида келтирилган тарихий маълумотларга кўра, Наврўз байрамининг уч минг йилдан ортиқ тарихга эга эканига гувоҳ бўламиз.
Наврўзнинг пайдо бўлиши қуёшнинг Ҳамал буржига кириши, тун ва куннинг тенглашуви ҳамда кундузнинг узая бошлаши каби табиат қонуниятлари билан боғлиқ бўлиб, бу байрамнинг илмий асосларга ҳам эга эканини кўрсатади.
Наврўз миллий қадриятларимизнинг ёрқин намунаси ҳисобланади. Ўзбекистонда байрам 1990 йил 3 майдаги Президент фармонига асосан умумхалқ байрами, 21 март эса дам олиш куни деб эълон қилинди. Кейинги йилларда Наврўз байрамини барча ҳудудларда кенг нишонлаш анъанага айланди. Масалан, Тошкентда махсус “Наврўз” боғи фойдаланишга топширилди. Бундай маскан бошқа мамлакатларда мавжуд эмас.
Наврўз байрами нафақат Ўзбекистонда, балки Афғонистон, Албания, Баҳрайн, Эрон, Ҳиндистон, Ироқ, Ливан, Озарбайжон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Сурия, Тожикистон, Туркия ва Туркманистонда ҳам кенг нишонланади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан башарият ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда”.
2009 йилда Наврўз байрами ЮНЕСКО томонидан умумжаҳон номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди. 2010 йилда эса БМТ Бош Ассамблеяси 21 мартни – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилди. Бу резолюцияда Наврўзнинг халқлар ўртасида маданий алоқалар ва ўзаро ҳамжиҳатликни рағбатлантиришда, дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланган.
Наврўз дастурхонига пишириладиган кўк сомса, кўк чучвара, ҳалим, сумалак ва бошқа таомлар дармондори бўлиши билан бирга, уни пишириш жараёнида ҳам бир олам завқ бағишлайди.
Сумалак сайли – Навруз байрамининг узвий бир қисми, миллий ва умуминсоний қадриятларга эга бўлган тадбирдир. Сумалак Наврўзнинг шоҳ неъмати бўлиб, шифобахш ва тансиқ таом ҳисобланади. Баъзи маълумотларга кўра, сумалакнинг тарихи 3000 йилдан ошиқ бўлиб, Наврўз байрами бошланишидан тайёрлаб келинади. Амир Темур даврига оид тарихий манбаларда ҳам сумалак сайли билан боғлиқ анъаналар Наврўз байрамининг таркибий қисмларидан бири сифатида урғуланади. Бундай сайиллар қир-адирларда, боғларда, шаҳарларнинг катта майдонларида, муқаддас қадамжоларда, маҳалла гузарларида ўтказилиб, ҳафта ва ойлаб давом этган.
Бутун маҳалла иштирокида тайёрланган сумалак кўпчиликка улашиб чиқилган. Одамлар сумалакни татиб кўришдан аввал, баҳорга еткизганига шукр қилиб, йилнинг яхши, баракали келишини тилаб дуолар қилган. Сумалак сайли турли томоша-базмларга уланган.
Одатга кўра, ҳар бири киши яхши ният билан сумалак пишаётган дошқозонни кавлаши лозим. Сумалак сайли билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар халқимиз орасида бугунги кунгача кенг қўлланилади.
Яна бир одатлардан бири лола сайлидир. Ушбу сайил анъанавий халқ сайлининг қадимий намуналаридан биридир. Асосан, Фарғона водийсида, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларининг лола ва қизғалдоқ кўп очиладиган адирли, тоғли ҳудудларида ўтказилади.
Хулоса қилиб айтганда, сумалак сайли Наврўз байрамининг ажралмас қисми сифатида халқимизнинг кўп асрлик миллий ва маънавий қадриятларини ўзида мужассам этган анъанавий тадбирдир. У нафақат баҳор фаслининг кириб келишини нишонлаш, балки инсонларни бирлаштириш, меҳр-оқибат, саховат ва эзгу ниятларни тарғиб этишга хизмат қилади.
Сумалак атрофида жам бўлиш, дуо қилиш ва уни барчага улашиш халқимизнинг ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик фазилатларини намоён этади. Шунингдек, лола сайли ва гули сурх сайли каби баҳорий сайиллар ҳам табиат уйғониши, меҳнат мавсумининг бошланиши ва гўзалликни қадрлаш анъаналарини ифода этади. Бу каби қадимий урф-одат ва сайиллар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмай, миллий ўзликни асраш ва авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади.
Наврўз байрамининг жамият ҳаётидаги аҳамияти бир неча жиҳатда кўзга ташланади.
Биринчидан, анъана ва қадриятларни сақлаш: байрам асрлар давомида шаклланган анъана ва қадриятларни келажак авлодга етказишга ҳисса қўшади. Ушбу байрам дунё миқёсида тарғиб қилиниш орқали инсоният номоддий маданий меросини бойитади.
Иккинчидан, инсоний фазилатларни тарбиялаш: умумхалқ байрами бирдамлик, меҳр-оқибат каби фазилатларни кучайтириб, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва тинчликсеварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Учинчидан, маданий ҳамкорликни ривожлантириш: янги йил фасли турли халқлар ўртасида маданий ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
Наврўз – бу умрбоқий маънавий қадриятларни, халқ анъаналарини ва инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган байрамдир. У нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий ва Жанубий Осиёда, Кавказ ва бошқа мамлакатларда кенг нишонланади. Наврўз байрами аҳамиятини йўқотмай, келажак авлодга ҳам илмий асосларга ва маданий меросга бой байрам сифатида етказиш — халқнинг масъулияти ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси