Logo

Ўзбекистон Сенати раиси ва Франция элчиси парламентлараро "дўстлик гуруҳлари" ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар

Сентябрь 30, 2025. 13:02 • 2 дақ

262
Ўзбекистон Сенати раиси ва Франция элчиси парламентлараро "дўстлик гуруҳлари" ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар

ТОШКЕНТ, 30 сентябрь. /"Дунё" АА/. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Франция элчиси Уалид Фук билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси матбуот хизмати маълумотига кўра, Сенат Раиси дипломатни Ўзбекистондаги вазифасини бошлагани билан табриклади ҳамда унинг профессионал тажрибаси икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон–Франция муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланди. Бунга олий даражадаги мунтазам ташрифлар, шунингдек, иқтисодиёт ва инвестициялардан тортиб, таълим ва маданиятгача бўлган кенг кўламли соҳаларни қамраб олган имзоланган келишувлар хизмат қилди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик конструктив тарзда давом этаётгани, икки томонлама ташрифлар ва парламент аъзоларининг халқаро форумлардаги иштироки ҳисобига мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Шу муносабат билан тегишли қўмиталар ва парламентлараро "дўстлик гуруҳлари" ўртасидаги мулоқотни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик лойиҳалари ижобий хусусият касб этганини қайд этилди. Маданият ва маданий меросни асраш, тарихий ёдгорликларни реставрация қилишда ҳамкорлик лойиҳаларини ва тажриба алмашинувни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, туризм соҳасининг турли йўналишларида талабалар учун махсус дастурларни ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш