Logo

Қозонда Ўзбекистон ва Россия парламентлари юқори палаталари ҳамкорлиги бўйича комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

Октябрь 17, 2025. 12:20 • 2 дақ

93
Қозонда Ўзбекистон ва Россия парламентлари юқори палаталари ҳамкорлиги бўйича комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди

ТОШКЕНТ, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. Қозон шаҳрида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича комиссиянинг ўнинчи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, унда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, таълим, аграр ва гуманитар соҳаларда ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги сайёҳлик алмашинувини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2025 йилнинг январь–июль ойларида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизга ўсган. Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми эса 17 фоизга ошди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Россиянинг 14 та етакчи олий таълим муассасаси филиаллари фаолият юритмоқда. Уларда 20 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги парламент дипломатияси бугунги кунда стратегик шерикликнинг муҳим таркибий қисмига айланганини, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий алмашинув ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Мажлисда минтақалар ўртасидаги алоқаларнинг аҳамиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Татаристон, Бошқирдистон, Москва, Самара ва Ленинград областлари мисолида ҳудудлараро ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида қайд этилди. Парламент аъзолари бу ташаббусларни қонунчилик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида экологик тоза маҳсулотларни Россия бозорига етказиб бериш, транспорт-логистика тизимини такомиллаштириш ва фитосанитария талабларини соддалаштириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш муҳим экани таъкидланди.

Туризм алмашувини кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт ва виза тартиботларини соддалаштириш каби масалаларга эътибор қаратилди.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик — маданий алмашинувлар, ёшлар дастурлари ва аёл парламент аъзолари ўртасидаги мулоқотни қўллаб-қувватлаш — икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани қайд этилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш