Германия Бундестаги депутатлари 19-24 октябрь кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади
Октябрь 17, 2025. 09:18 • 2 дақ
• 105
БЕРЛИН, 17 октябрь. /"Дунё" АА/. Германия парламенти расмий сайтида Бундестаг депутатларининг Ўзбекистонга ташрифи ҳақидаги ахборот материали эълон қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

"Жорий йилнинг 19-24 октябрь кунлари Бундестагнинг Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва ватан қўмитаси депутатларидан иборат делегацияси қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюради", – дейилади хабарда.
Таъкидланишича, қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларидан бири ҳисобланади. Бироқ, сув танқислиги муаммоси бу ерда ҳам кузатилмоқда. Ҳатто Германияда ҳам қурғоқчилик даврининг чўзилиши, йил фаслларида ёғингарчиликнинг номутаносиблиги мамлакат қишлоқ хўжалигига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Шу маънода, Ўзбекистонда бу соҳада эришилаётган ютуқлар ва янгича ёндашувлар Германия учун ҳам катта аҳамият касб этиши мумкин, деб ёзади нашр.
Немис депутатлари Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири ҳамда Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг аграр масалалар бўйича қўмитаси билан учрашувлар ўтказади. Шунингдек, сафар чоғида делегация аъзолари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, сув танқислигидан азият чекаётган жойлар билан танишади. Ташриф давомида Германия ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган қишлоқ хўжалиги лойиҳаларини кўздан кечириш кўзда тутилган.
"Бундан ташқари, делегация аъзолари аграр соҳада амалга оширилаётган Ўзбекистон тажрибаси билан танишиш мақсадида мева ва сабзавот етиштириш, чорвачилик хўжаликларига ташриф буюрадилар. Тошкент давлат аграр университетида режалаштирилган учрашувда барқарор ривожланиш соҳасида амалга оширилаётган тадқиқотлар юзасидан илмий муҳокамалар бўлиб ўтиши кутилмоқда", – деб ёзилган манбада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Сенатда Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси раиси билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Венгрия парламентлари ўртасида Англашув меморандуми имзоланди
Олий Мажлис Сенати раиси Венгрия Президенти билан учрашди