Logo

Парламентлараро иттифоқнинг 151-ассамблеясида Ўзбекистоннинг инсонпарварлик соҳасидаги ташаббуслари илгари сурилди

Октябрь 21, 2025. 16:13 • 2 дақ

90
Парламентлараро иттифоқнинг 151-ассамблеясида Ўзбекистоннинг инсонпарварлик соҳасидаги ташаббуслари илгари сурилди

ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Парламентлараро иттифоқ 151-ассамблеясининг "Инқироз шароитида инсонпарварлик меъёрларига риоя қилиш ва инсонпарварлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш" мавзусидаги ялпи мажлисида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, Сенат Раиси ўз чиқишида дунёда кечаётган турли низолар, инқирозлар ва гуманитар таҳдидлар миллионлаб инсонларнинг ҳаётига жиддий салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Бундай шароитда парламентлар инсонпарварлик тамойилларини илгари суриш ва инсон ҳаётини асрашда ҳал қилувчи рол ўйнаши зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Ассамблеяда Ўзбекистоннинг инсонпарварлик соҳасидаги ташаббуслари илгари сурилди. Таъкидланганидек, ҳозирги кунда дунё бўйлаб 120 дан зиёд қуролли тўқнашувлар натижасида 310 миллионга яқин инсонлар ёрдамга муҳтож бўлиб, бу инсонпарварлик меъёрларига риоя қилиш масаласини яна-да долзарб этмоқда.

Ўзбекистон халқаро инсонпарварлик ҳаракатларида фаол иштирок этиб, нотинч минтақалардаги муҳтож аҳолига уй-жой, тиббий хизмат ва ижтимоий кўмак кўрсатиш орқали амалий ёрдам бермоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг инсонпарварлик ва халқаро ҳамжиҳатлик тамойилларига содиқлигини яққол намоён этмоқда.

Мажлис доирасида парламентлар ўртасида қонунчилик ва рақамли ҳамкорликни чуқурлаштириш, гуманитар ресурсларни самарали ва манзилли йўналтириш, глобал ташаббусларга молиявий иштирокни кенгайтириш, шунингдек, инсонпарварлик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлашга оид аниқ таклифлар ҳам илгари сурилди.

Таъкидланганидек, инсонпарварлик – тинчликнинг ҳуқуқий кафолати, барқарор тараққиётнинг маънавий пойдеворидир. Шу боис, бу жараёнда парламентларнинг роли тобора ошиб бормоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш