Парламентлар аёл аъзоларининг глобал конференциясида Ўзбекистон тажрибаси эътироф этилди
Июнь 03, 2026. 12:55 • 3 дақ
• 84БЕЛГРАД, 3 июнь. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон парламенти делегацияси Сербия Халқ йиғилиши таклифига биноан расмий ташриф билан Белградда бўлиб турибди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Парламентнинг юқори палатаси маълумотига кўра, ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Белград шаҳрида Парламентлараро иттифоқ Парламентлар аёл аъзолари глобал конференциясида иштирок этди.
Конференция ишида парламент делегациялари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар, 65 давлатдан 400 дан ортиқ делегатлар қатнашди.
Глобал конференцияни Парламентлараро иттифоқ Президенти Тулия Эксон очиб берди ҳамда мазкур халқаро анжуманнинг аҳамияти, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг қанчалик долзарб эканига тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, анжуманнинг асосий мақсади – гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг сиёсий қарорлар қабул қилишдаги иштирокини кенгайтириш ва парламентда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тажриба алмашишдан иборат.
“Тенгликни тарғиб қилиш: гендер стереотиплар ва салбий ижтимоий нормаларни енгиб ўтиш” мавзусида ташкил этилган сессияда Сенат раиси Танзила Нарбаева мамлакатимизда гендер тенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маъруза қилди.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинган бўлиб, сўнгги йилларда бу соҳада кенг қамровли ҳуқуқий ва институционал ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, тенг ҳуқуқ ва имкониятларни мустаҳкамлашга қаратилган механизмлар босқичма-босқич такомиллашиб бормоқда.
Шу билан бирга, аёлларни таълим, замонавий касб-ҳунарлар ва юқори технологиялар соҳаларига кенг жалб этиш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг сиёсий етакчилик салоҳиятини ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди, шунингдек, сиёсий партиялар фаолиятида уларнинг иштирокини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилгани, раҳбарлик лавозимларига тайёрлашга қаратилган кадрлар захираси ва махсус дастурлар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Гендер стереотиплар ва салбий ижтимоий қарашларга барҳам бериш мақсадида мамлакат миқёсида кенг кўламли ахборот-тарғибот ишлари олиб борилаётгани, ушбу йўналишдаги дастурлар Гендер тенглик бўйича миллий комиссия томонидан мунтазам мониторинг қилиб борилаётгани намунавий тажриба сифатида эътироф этилди.
Анжуман давомида Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг давлат ҳамда жамият бошқарувидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётгани қайд этилди. Жумладан, парламентда аёллар улуши 38 фоизга етгани, шунингдек, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқ рейтингларида 92 поғонага кўтарилиб, дунёда 36-ўринни эгаллагани мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарасини намоён этмоқда.
Ўзбекистон тажрибаси гендер стереотипларни енгиб ўтиш давлат бошқаруви сифати ва барқарор ривожланиш масаласи эканини кўрсатаётгани қайд этилди ҳамда глобал миқёсда парламентлар бир-бирлари билан қонунчилик фаолияти тажрибаси ва гендер стереотипларга барҳам беришга қаратилган самарали қонунчиликни жорий этиш механизмлари юзасидан алмашиши бўйича муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Иштирокчиларга 2026 йил 4–6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг глобал конференцияси ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида ҳам маълум қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон делегацияси Белградда Парламентлараро иттифоқнинг Аёллар-парламентарийлар глобал конференциясида иштирок этади

Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро ҳамкорлик гуруҳларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон делегацияси МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи мажлисида иштирок этди





