Ўзбекистоннинг Миср, Исроил, Эрон ва Афғонистондаги элчилари Парламентнинг юқори палатасида ҳисобот берди
Апрель 08, 2024. 09:43 • 3 дақ
• 743
ТОШКЕНТ, 8 апрель. /"Дунё" АА/. Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Миср, Исроил, Эрон ва Афғонистондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, эшитувлар жорий йил 18 январь куни бўлиб ўтган селектор йиғилишида мамлакатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси устидан парламент назорати тадбирлари доирасида ташкил этилди. Бунда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича "йўл хариталари"да назарда тутилган инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, Эрон билан биргаликда умумий қиймати 362 млн долларлик 46 та инвестициявий ва савдо битимини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Ушбу инвестицияларнинг жалб этилиши озиқ-овқат ва қурилиш саноати корхоналарини, минтақаларнинг коммунал инфратузилмасини модернизация қилишни бошлаш, шунингдек, янги саноат корхоналарини ишга тушириш имконини берди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонасининг бевосита кўмагида 18,8 миллион долларлик 4 та инвестиция лойиҳаси ва 14,5 миллион долларлик 15 та экспорт шартномаси муваффақиятли амалга оширилди. Бундан ташқари, сенаторлар Яқин Шарқда авж олган ҳарбий ҳаракатлар пайтида мамлакатимиз фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни эвакуация қилиш борасида дипломатик миссиянинг салмоқли ишларини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасининг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизга умумий қиймати 4,2 миллион долларлик гепатит "C" ва "Б"га қарши 40 тонна дори воситалари бепул ёрдам тариқасида етказиб берилди.
Афғонистонга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (756,2 миллион долл) 100,4 миллион долларга, яъни 113,3 фоизга ошган.
Кенг муҳокама давомида дипломатик миссияларнинг устувор вазифалари кўриб чиқилди, тасдиқланган "йўл хариталари"ни амалга ошириш учун масъул вазирлик ва идоралар фаолияти натижадорлигига баҳо берилди, республикамизнинг халқаро ташаббуслари ва иқтисодий манфаатларини ифодалаш, шунингдек, хорижда мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятнинг устувор йўналишлари белгилаб берилди.
Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларига улар фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича батафсил тавсиялар берилди ва аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Мажлис якунлари бўйича қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 февраль куни бўлиб ўтган Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ўзбекистоннинг Туркия ва Озарбайжондаги элчиларининг ҳисоботлари эшитилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси