Ўзбекистон ва Финляндия парламентлараро ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди

Октябрь 03, 2026. 12:40 • 2 дақ

• 79
Ўзбекистон ва Финляндия парламентлараро ҳамкорлигининг янги йўналишлари белгиланди

ХЕЛЬСИНКИ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Финляндия парламентининг Ўзбекистон билан дўстлик парламент гуруҳи раиси Вилле Скиннари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси маълумотига кўра, мулоқотда Финляндия парламенти Ташқи ишлар қўмитаси раиси Йоханнес Коскинен ҳам иштирок этди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон–Финляндия муносабатларининг жадал ривожланаётгани қайд этилиб, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ва савдо соҳаларида эришилган натижалар ижобий баҳоланди.

Учрашувда Шимолий Европа давлатлари ва Марказий Осиё ўртасида тизимли ҳамкорликни ривожлантириш ташаббуси илгари сурилди. “Шимолий мамлакатлар–Марказий Осиё” формати доирасида савдо, таълим, инновациялар, барқарор ривожланиш ва транспорт боғлиқлиги соҳаларида аниқ лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, “Global Gateway” ва ЕТТБ имкониятларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Афғонистон масаласи ҳам учрашувнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Финляндия томони Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги тажрибаси ва экспертлик салоҳиятига қизиқиш билдирди.

Транспорт-логистика йўналишида Ўзбекистоннинг Европа, Форс кўрфази мамлакатлари ва Жанубий Осиё бозорларига чиқишини таъминлайдиган йўлакларни диверсификация қилиш ҳамда турли транспорт йўналишларини ўзаро боғлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек ўқинг

Финляндия бизнес доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди. “Metso” компанияси фаолияти ижобий мисол сифатида тилга олиниб, технологик компаниялар ва кичик ҳамда ўрта бизнес субъектлари билан ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Финляндия парламентарийлари Ўзбекистонга бизнес делегациясини ташкил этиш ва унинг маҳаллий ишбилармон доиралар билан тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш, жумладан, парламентлар раҳбарияти, қўмиталари ва дўстлик гуруҳлари ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш таклиф этилди.

Томонлар ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни ҳам ижобий баҳолаб, келгуси тадбирларда мулоқотни давом эттириш ва ўзаро ташрифларни ташкил этиш масаласини қўллаб-қувватлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш