“The Korea Post” газетаси: Ўзбекистонда IT соҳаси янги босқичга чиқмоқда
Октябрь 03, 2026. 12:10 • 2 дақ
• 23
СЕУЛ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг нуфузли “The Korea Post” нашрида Ўзбекистонда АКТ соҳасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон глобал технологик аутсорсинг бозорида аста-секин ўз ўрнини эгаллаб бормоқда.
Ушбу трансформация кўлами бозорнинг ўз динамикасида ҳам акс этади. IT-аутсорсинг хизматлари ҳажми 2019 йилдаги 3,2 миллион доллардан 2025 йилда 716,4 миллион долларга ўсди. Айни шу даврда IT-компаниялар сони 369 тадан 3400 тага кўпайди, кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 2,8 миллиард долларга етди.
Энг муҳим ўзгариш фақатгина бу рақамлар билан чекланмайди. Ўзбекистоннинг халқаро хизматлар кўрсатиш занжиридаги роли ҳам ўзгариб бормоқда. Чунки мамлакат аста-секин технология билан боғлиқ алоҳида вазифаларни бажаришдан кенг кўламли корпоратив функцияларни қабул қилишга ўтмоқда.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистоннинг катта устунлиги унинг ёш ва салоҳиятли кадрлар захирасидир. Мамлакат аҳолиси 38 миллиондан ортиқ бўлиб, уларнинг қарийб 60 фоизини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Айни пайтда мамлакатда 500 мингга яқин IT-мутахассис фаолият юритмоқда, махсус IT-университетлар эса ҳар йили 25 мингга яқин ёш ва малакали кадрларни тайёрлаб чиқармоқда.
Ўзбекистон глобал аутсорсинг бозорига кириш учун зарур бўлган қатор шарт-шароитларни яратган. Бу борада ёш истеъдодлар захираси, ўсиб бораётган IT сектори, кенгайиб бораётган BPO ва KPO сегментлари, халқаро бозорларга экспорт ва хорижий компаниялар кириб келишини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси