Хива шаҳрида бўлиб ўтган IV Ўзбекистон-Беларусь парламентлараро форуми якунлари Беларусь ОАВ эътибор марказида
Октябрь 03, 2026. 13:50 • 2 дақ
• 87МИНСК, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Хива шаҳрида якунига етган IV Ўзбекистон-Беларусь парламентлараро форуми Беларусь ахборот маконида асосий мавзулардан бирига айланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мамлакатнинг етакчи даврий нашрлари, телеканаллари ва ахборот агентликлари кенг кўламли мулоқотнинг икки кунлик жараёнини кенг ёритдилар. Хусусан, “БЕЛТА” давлат ахборот агентлиги ва “Беларусь сегодня” нашри форум доирасида умумий қиймати 420 миллион беларусь рубли (қарийб 140 миллион доллар) миқдоридаги 59 та тижорат шартномаси ва келишуви имзоланганига алоҳида эътибор қаратдилар.
Таъкидланишича, бу молиявий кўрсаткич ўтган йилги форум натижаларидан қарийб икки баробар юқори бўлиб, машиносозлик, нефть-кимё, фармацевтика, агросаноат ва енгил саноат соҳаларини қамраб олди.
Беларусь ОАВ, жумладан, “ОНТ”, СТВ ва “Беларусь 24” телеканаллари Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева ва Беларусь Миллий мажлиси Республика Кенгаши Раиси Наталья Кочанова бошчилигидаги парламентлараро майдон икки мамлакат президентларининг стратегик келишувларини амалий босқичга муваффақиятли кўчираётганини таъкидладилар.
Форум якунида қабул қилинган Хива декларацияси икки томонлама муносабатларни янги сифат босқичига олиб чиқувчи институционал пойдевор сифатида баҳоланди. Шунингдек, томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2030 йилга бориб 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилгани қайд этилди.
Медиаресурслар Хивадаги янги Конгресс-холлда ташкил этилган “Made in Belarus” кўргазмасини ҳам фаол ёритдилар. Унда Беларуснинг 52 та корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш этди. Шунингдек, олий таълим муассасалари ўртасида 550 дан ортиқ келишувлар имзолангани, соғлиқни сақлаш ва хотин-қизлар тадбиркорлиги йўналишларида ҳам салмоқли натижаларга эришилгани эътироф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


