Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтирмоқда
Октябрь 03, 2026. 13:10 • 2 дақ
• 70
ТОШКЕНТ, 3 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг 2026 йил январь–август ойлари якунлари бўйича ташқи савдо айланмаси 57,4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 миллиард долларга ёки 7,6 фоизга ўсди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ташқи савдо айланмаси тузилмасида экспорт 22,9 миллиард долларни ташкил этиб, 3,4 фоизга камайган, импорт эса 34,5 миллиард долларга етиб, 16,3 фоизга ошган.
Шу билан бирга, умумий экспорт таркибидаги товарлар (олтинни ҳисобга олмаганда) экспорти динамикасида сезиларли ўсиш кузатилди. Хусусан, саккиз ой ичида мазкур кўрсаткич 11,5 миллиард долларга етиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 28,7 фоизга кўпайган.
Жорий йилнинг январь–август ойларида Ўзбекистон дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди, бу эса мамлакат ташқи иқтисодий алоқалари географияси кенглигини акс эттиради.
Ташқи савдо айланмасида энг катта улуш Хитой — 23 фоиз, Россия — 16 фоиз, Қозоғистон — 6,5 фоиз, Туркия — 3,4 фоиз ва Афғонистон — 2,5 фоиз ҳиссасига тўғри келди.
Экспертларнинг фикрича, йилнинг дастлабки ойлари якунлари Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг янада кенгайиб бораётганидан далолат беради. 7,6 фоизлик умумий ўсиш, энг аввало, импорт операцияларининг кўпайиши ҳисобига таъминланди. Шу билан бирга, олтинни ҳисобга олмасдан товар экспортининг 28,7 фоизга ўсгани айниқса сезиларли бўлиб, бу товар экспортининг хомашёга кирмайдиган таркибий қисми динамикаси мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси