Ўзбекистон ва Сингапур парламентлараро алоқаларини мустаҳкамлаш истиқболларини кўриб чиқмоқда
Октябрь 09, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 37
СИНГАПУР, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Сингапур парламентлараро дўстлик гуруҳлари ўртасида видеоконференцалоқа шаклида мулоқот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар юқори даражадаги ўзаро ташрифлар ва фаол сиёсий мулоқот икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни, жумладан, парламентлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини қайд этди.
Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни минтақалараро даражада ривожлантириш, хусусан, Марказий Осиё ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) мамлакатлари парламентлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик доирасида ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, Сингапур томони ҳалол маҳсулотлар бўйича ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга қизиқиш билдирди.
Шунингдек, 2027 йилда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан қўшма маданий тадбирлар ташкил этиш, ёшлар ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат олий таълим муассасалари талабалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар парламентлараро мулоқотни изчил давом эттириш, ўзаро манфаатли йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси