ЮНЕСКО бош қароргоҳида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг халқаро тақдимоти ўтказилди
Октябрь 09, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 43ПАРИЖ, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКОнинг Париждаги бош қароргоҳида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Мовароуннаҳр буюк мутафаккирларининг илмий меросига бағишланган халқаро тақдимот бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур халқаро тадбирда 300 нафардан ортиқ иштирокчи, жумладан, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатлар, олимлар ҳамда маданият арбоблари қатнашди.
Очилиш маросимида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси раиси Хондкер Муҳаммад Талҳа, ташкилот Ижроия кенгаши раиси Носир бин Ҳамад ал-Хинзаб, ЮНЕСКО Бош директорининг табиий фанлар бўйича ўринбосари Дениз Пирес де Карвалё ва ICESCO Бош директори Салим бин Муҳаммад ал-Малик иштирок этди.
Иштирокчилар Мовароуннаҳр илмий ва маънавий меросининг жаҳон цивилизациясидаги улкан аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Хондкер Муҳаммад Талҳа минтақанинг буюк мутафаккирлари илм-фан ривожига беқиёс ҳисса қўшганини эътироф этган бўлса, Носир бин Ҳамад ал-Хинзаб Ўзбекистоннинг ислом меросини асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларига тўхталиб, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифи давомида олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
Дениз Пирес де Карвалё ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбекнинг илмий кашфиётларига эътибор қаратди. Уларнинг мероси замонавий тадқиқотлар ҳамда рақамли технологиялар асрида ҳам долзарб эканини таъкидлади. Салим бин Муҳаммад ал-Малик ICESCOнинг маданий меросни асраш ва цивилизациялараро мулоқотни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Музокараларда Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази директори Фарҳон Низомий, Женева дипломатик доираси президенти Роберт Блум ҳамда бошқа хорижий экспертлар иштирок этди. Улар ислом цивилизациясининг тарихий таъсири ва унинг бой меросини келгусида янада чуқур ўрганиш имкониятларини муҳокама қилди.
Конференция якунида иштирокчилар Ислом цивилизацияси марказининг ЮНЕСКО ва халқаро илмий муассасалар билан ҳамкорлигини кенгайтириш истиқболларини белгилаб олди. Мазкур тақдимот Ўзбекистоннинг илмий-маданий меросини тарғиб қилиш ҳамда халқаро мулоқотни мустаҳкамлаш учун муҳим майдонга айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



