Logo

Ўзбекистон Президенти Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчини қабул қилди

Июнь 11, 2025. 20:33 • 58 сония

66
Ўзбекистон Президенти Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 11 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида иштирок этаётган Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилди деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида вазир Ўзбекистон етакчисига Афғонистон раҳбариятининг самимий саломини етказди.

Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика, энергетика ва аграр соҳаларда, шунингдек, геология-қидирув ва фойдали қазилмалар борасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ишбилармонлик алоқалари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда, икки мамлакат компаниялари иштирокида бизнес ташрифлари ва кўргазмалар мунтазам ўтказилмоқда. Термиз шаҳрида Халқаро савдо маркази муваффақиятли фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг май ойида Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйлари очилди.

Ўзбекистон раҳбари иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, "Ҳайратон" саноат марказини тез фурсатда барпо этиш, у ерда фармацевтика, мебелсозлик, тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш қувватларини жойлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Трансафғон темир йўли ва "Сурхон - Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуриш каби йирик минтақавий инфратузилма лойиҳалари қўллаб-қувватланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш