Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

Ноябрь 24, 2026. 18:50 • 2 дақ

• 45
Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилди

ТОШКЕНТ, 24 ноябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Аммон шаҳрида ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн Ал-Ҳусайн ҳузурида ўзаро ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида икки томонлама муносабатлар ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ушбу давлатлараро ҳужжатлар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Шунингдек, имтиёзли савдо, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам, маданият ва маданий ижодкорлик саноати, миллий кутубхоналар, ҳужжатлар ва архивлар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларида битимлар ва англашув меморандумлари имзоланди.

Бундан ташқари, иқтисодий дипломатия, тоғ-кон саноати ва геология, уй-жой қурилиши ва шаҳарсозликни ривожлантириш, рақамлаштириш ва ахборот технологиялари, озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини назорат қилиш, соғлиқни сақлаш хизматлари ҳамда чорвачилик йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.

Минтақалараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Тошкент ва Аммон шаҳарлари, шунингдек, Самарқанд шаҳри ва Петра туризм минтақаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар алмашилди.

Давлат ташрифи доирасида жами 19 та икки томонлама ҳужжат қабул қилинди ва имзоланди. Ушбу муҳим келишувлар Ўзбекистон ва Иордания ўртасида стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш