Ўзбекистон Президенти раислигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар белгиланди
Апрель 07, 2026. 20:41 • 8 дақ
• 114
ТОШКЕНТ, 7 апрель. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилиш аввалида Ўзбекистон етакчиси спорт нафақат мусобақа, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён этадиган катта куч эканини таъкидлади.
Қайд этилганидек, сўнгги тўққиз йилда 1,5 мингдан зиёд маҳаллада 1 минг 774 та замонавий спорт майдончаси барпо этилди. Ҳудудларда 200 дан ортиқ йирик спорт иншооти, 4 мингга яқин хусусий спорт клуби иш бошлади. Спорт билан профессионал шуғулланувчи ёшлар сони 2 карра ошди, олимпия терма жамоалари спортчилари 2 баробар, паралимпия бўйича эса 3 баробар кўпайди.
Биргина ўтган йилда спортчиларимиз халқаро мусобақаларда 452 та олтин, 418 та кумуш ва 501 та бронза медални қўлга киритди. Уларнинг 50 нафардан зиёди жаҳон ва Осиё рекордларини янгилади.
Йиғилишда соҳада эришилаётган ютуқлар билан бирга мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳам чуқур таҳлил қилинди.
Бугун олимпиада спорт турлари бўйича фаолият юритаётган 26 та федерация раҳбарлари ва ҳокимлар жойлардаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солмагани танқид қилинди. Хусусан, 207 та олийгоҳ, 15 та олимпия ва паралимпия маркази, 310 та спорт мактаби, 16 та спорт интернатининг имкониятларидан самарали фойдаланилганда, чемпион тайёрлаш ва мусобақаларга лицензия қўлга киритиш борасида натижалар янада юқори бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
Бу борада ижобий тажрибалар ҳам қайд этилди. Масалан, Зарбдор туманида ўтган йили 23 та маҳалладаги 34 минг ёш оммавий спортга жалб этилган. Туманда 3 та янги спорт зали қурилиб, стол тенниси, таэквондо ва волейболга ихтисослаштирилган. Тадбиркорлар билан ҳамкорликда 2 та усти ёпиқ футбол майдони ва фитнесс клуб ташкил қилинган. Натижада Зарбдор тумани илк бор волейбол ва стол тенниси бўйича жорий йилги Ўзбекистон чемпионатига мезбонлик қилади.
Мутасаддиларга Зарбдор тажрибасини ўрганиб, уни барча ҳудудларда жорий қилиш топширилди.
Айрим мактабларда тўгараклар фақат номига ташкил этилгани, шу боис, уларга 3-4 нафардангина бола қатнашиб келаётгани кўрсатиб ўтилди. Жумладан, ўтган йили Жиззах, Қашқадарё ва Фарғонадаги мактаб ўқувчиларининг тўртдан бири жисмоний тайёргарлик бўйича минимал талабни ҳам бажара олмаган.
Ҳокимлар олдига ҳар бир мактабда спорт тўгараклари учун зарур шароит яратиш, қамровни ошириш ва болаларни спортга кенг жалб этиш вазифаси қўйилди.
Бугун айрим ихтисослашган спорт мактабларининг натижаси оддий спорт мактабларидан фарқ қилмай қолган. Масалан, Термиз шаҳридаги 4 та ихтисослашган мактабнинг натижаси Жарқўрғондаги битта спорт мактабичалик эмас. Жарқўрғон спорт мактаби ўтган йили Осиё ва жаҳон чемпионатларида 6 та соврин олган бўлса, вилоятдаги 4 та ихтисослашган мактабда жами 1 та медаль бор, холос.
Шу муносабат билан ҳар бир ихтисослашган спорт мактаби директори, жамоаси ва мураббийларининг иш услубини ўзгартириш, ўсиш нуқталарини аниқ белгилаш, уларнинг ойлик маошини тарбияланувчилар натижасига боғлаш зарурлиги таъкидланди.
Қолаверса, юқори натижага эришган спорт мактабларини амалдаги рағбатлантиришдан ташқари яна 500 миллион сўмдан алоҳида мукофотлаш тизими жорий этилади.
Олий таълим муассасаларида спортни ривожлантириш ишлари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Федерациялар билан ҳамкорлик, иқтидорли талабаларга индивидуал мураббий бириктириш ишлари етарли эмаслиги қайд этилди. Жиззах политехника институти, Тошкент тиббиёт университетининг Термиз филиали, Қарши давлат техника университети ва Бухоро давлат университетида талабаларнинг 70 фоизи жисмоний нормативларни топшира олмаган. Бу эса мазкур олийгоҳларда спорт клублари етарли даражада ишламаётганини англатади.
Шу муносабат билан 207 та олийгоҳ ректорларига Термиз давлат университетининг бу борадаги ижобий тажрибасини ўрганиш, спортни ривожлантириш бўйича бир йиллик аниқ режа ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда алоҳида спорт турлари кесимида ҳам натижалар ва муаммолар таҳлил қилинди. Хусусан, ўқ отиш базасида зарур шароитлар яратилгани туфайли ушбу спорт турида сезиларли натижаларга эришилмоқда. Футбол, спорт курашлари, велоспорт, енгил атлетика ва сузишда ҳам ижобий силжишлар борлиги эътироф этилди.
Шу билан бирга, Жиззахдаги 6 та қиличбозлик базасида шуғулланувчилар сони 100 нафарга ҳам етмаслиги, батут ва акробатика бўйича салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаётгани, теннис ва от спортида натижалар етарли эмаслиги танқид қилинди.
Бугун спортчиларни жароҳатдан тиклаш, мушак ҳолатини текшириш ва функционал таҳлил қилиш ишлари асосан хорижда амалга оширилаётгани, федерациялар спорт шифокори, фармаколог ва диетологларни четдан жалб қилишга мажбур бўлаётгани таъкидланди.
Эндиликда ҳар бир ихтисослашган тиббиёт маркази тегишли спорт федерациялари билан ҳамкорлик қилади. Улар ҳар ой терма жамоа аъзоларининг соғлиғини диагностика қилади, жароҳат олиш хавфини баҳолайди, жисмоний юкламани илмий таҳлил қилиб, мураббийларга тиббий тавсиялар беради.
Давлатимиз раҳбари соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббусларни ҳам илгари сурди.
Эндиликда маҳаллада оммавий спорт натижадорлиги фақат қамров билан эмас, балки аҳолининг саломатлик кўрсаткичлари бўйича ҳам баҳоланади. Ҳар бир вилоятда биттадан туманда “саломатлик баланси” шакллантирилади. Спорт билан фаол шуғулланувчи аҳоли орасидан “соғлом ҳаёт волонтёрлари” корпуси ташкил қилинади. Улар маҳаллаларда спорт ва соғлом турмуш тамойилларини тарғиб қилади.
Ҳар бир туманда ушбу тизимда энг намунавий бўлган 10 тадан маҳаллага бепул спорт формаси ва анжомлари бериб борилади. Қайси маҳаллада спортга қамров ошса, аҳолининг саломатлиги яхшиланса, юрак-қон томир ва диабет касалликлари камайса, йил якуни билан волонтёр ва маҳалла раисига 15 миллион сўмгача мукофот берилади. Ушбу маҳаллада оммавий спортга масъул тренерга эса 200 фоизгача ойлик устама тўланади.
Дунёда махсус жиҳоз ва катта инфратузилмани талаб қилмайдиган интенсив машғулотлар, жумладан, кросс-фит оммалашаётгани қайд этилди. Шу боис, 1 майгача барча мактаб ва техникумларда бу бўйича тўгараклар ташкил этиш топширилди. Келгуси йилдан кросс-фит “Беш ташаббус” тизимига киритилади.
Йиғилишда давлат органлари ва ташкилотларида ҳам спортни оммалаштириш бўйича янги тартиб белгиланди. Энди ҳар бир вазир, тармоқ ва банк раҳбари, вилоят ва туман ҳокими ўз ходимларининг спорт билан шуғулланиши учун намуна бўлиши ва шароитларни кенгайтириши шарт.
Шу мақсадда ҳафтанинг бир куни спорт куни сифатида белгиланади. Бу кунда вазирлик, идора ва ташкилотларда спорт машғулотлари ўтказилади. Жорий йилдан бошлаб ҳар йили вазирликлар, тармоқлар, банклар ва ҳокимликлар ўртасида республика биринчиликлари ўтказилади.
Хусусий сектор меҳнат жамоаларида ҳам оммавий спортни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратилади. Жумладан, тадбиркорлар ўз ишчи-хизматчилари учун спорт зали ва майдонча қуриш ҳамда жиҳозлашга қилган харажатларини фойда солиғи базасидан чегира олади. Жалб қилинган мураббийлар учун даромад солиғи ва ижтимоий солиқ 1 фоиз миқдорида белгиланади.
Йиғилишда аҳолини спортга жалб қилиш ва селекция ишларида “маҳалла – мактаб – спорт муассасаси – федерация” занжири асосида мутлақо янги ёндашув жорий этилиши маълум қилинди.
Энди олийгоҳ ректори, федерация раҳбари ва ҳоким ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Унга кўра, ҳокимлар ҳудуддаги мактаб, техникум ва бошқа спорт объектларида дарсдан ташқари вақтда спорт тўгараклари ташкил этиш учун шарт-шароит яратади.
Шунингдек, спорт йўналишидаги олийгоҳлар талабаларини дуал таълим билан қамраб олиб, уларни мураббийлик қилиш учун тўгаракларга юбориш муҳимлиги қайд этилди. Бундай талабаларга автоматик тарзда мураббийлик сертификати берилади. Тўгараклардан тушган даромаднинг 50 фоизи мураббий талаба ихтиёрида қолади. Дуал таълим битирувчиларига диплом билан бирга ҳакамлик сертификати ҳам берилади.
Йиғилишда жорий йилда янги тизим орқали доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини 2 карра ошириб, 1 миллион нафарга етказиш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга сунъий интеллект ёрдамида спортчи ва мураббийлар натижаларини таҳлил қилиш, машғулотлар режасини тузиш имконини берадиган ягона платформа яратиш топширилди.
Спорт соҳасидаги илмий ишлар эса бундан буён фақат долзарб муаммолар ечимига қаратилган бўлиши, натижаси тўғридан-тўғри амалиётга жорий қилиниши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Агар олимларнинг илмий иши натижа бериб, спортчиларнинг ютуқлари ва халқаро мусобақалардаги медаллари кўпайса, бундай олимлар 100 миллион сўмдан мукофотланади.
Олимпия ва паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилдан Президент олимпиадаси доирасида мусобақа ўтказиладиган спорт турлари 2 карра кўпайтирилиб, 21 тага етказилади. Энди мазкур мусобақалар параспорт бўйича ҳам ташкил этилади. Ҳар бир туман ва вилоят ҳокими ўз ҳудудида Ҳоким олимпиадасини ўтказади. Уларнинг ғолиблари Президент олимпиадасига йўлланма олади.
Адаптив спорт турлари бўйича кадр тайёрлаш ва малака ошириш тизими ҳам тубдан янгиланади. Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент филиали инклюзив спорт бўйича таянч олийгоҳга айланади.
Президентимиз параспортчиларимиз эришаётган натижаларда уларга туну кун ҳамроҳлик қилаётган фидойи инсонларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади. Энди ўқув-йиғинлар, республика ва халқаро мусобақаларда параспортчига ҳамроҳлик қилган шахсларнинг транспорт ва яшаш харажатлари қоплаб берилади. Уларга ҳар ой спорт мактаби тренерлари ойлигига тенг миқдорда маош тўланади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда спорт инсон саломатлиги ва юқори натижалар гарови бўлиш билан бирга даромад келтирадиган соҳага ҳам айланиши зарурлигини таъкидлади.
Шу нуқтаи назардан, футбол бўйича миллий чемпионат ўйинларини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Айрим ўйинлар иш вақтида ўтказилаётгани сабабли мухлислар ташрифи кутилган даражада эмаслиги айтилди.
Ўйинлар вақтини дам олиш кунлари ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгилаш, стадионлар атрофида қўшимча хизматлар, мусиқий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил этиш, мухлислар учун қулай транспорт қатновини йўлга қўйиш, арзон футбол турпакетларини таклиф этиш орқали стадионларга мухлислар ташрифини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилишда жойлардаги спорт инфратузилмаси ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, ҳудудларда 39 та очиқ ва ёпиқ спорт иншооти таъмирталаб аҳволда бўлгани сабабли тўлиқ ишлатилмаяпти. Мутасаддиларга бундай объектларни замонавий спорт мажмуаларига айлантириш учун қулай шартларда хусусий шерикликка бериш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.
Спорт мактабларида ёшлар қизиқадиган ноолимпия спорт турлари бўйича ҳам секциялар ташкил этиш, Ўзбекистон ноолимпия спорт турлари конфедерациясини тузиш таклифи маъқулланди.
Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари соҳа раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботларини тинглади, тадбиркор ва спортчилар билан мулоқот қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси