Logo

Ҳиндистоннинг етакчи университетида Алишер Навоий адабий ва маънавий меросига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

Апрель 07, 2026. 19:18 • 3 дақ

76
Ҳиндистоннинг етакчи университетида Алишер Навоий адабий ва маънавий меросига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди

ДЕҲЛИ, 7 апрель. /«Дунё» АА/. Деҳлидаги Жамия Миллия Исломия марказий университетида буюк ўзбек шоири, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг бой ижодий ва маънавий меросига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда университет ректори, профессор Мазҳар Асиф бошчилигидаги мазкур олий таълим муассасаси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, ўзбек тилини ўрганаётган талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Алишер Навоий ижодининг бутун инсоният мулки бўлган барҳаёт аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

XV асрда Темурийлар ренессанси даврида яшаб ижод этган Алишер Навоий жаҳон адабиёти ривожига улкан ҳисса қўшгани қайд этилди. У нафақат юқори давлат лавозимларини эгаллаган, балки ўзбек тилининг бойлиги ва бадиий қудратини исботлаб, лингвистик жасорат кўрсатгани урғуланди.

Чуқур фалсафий ва инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассам этган бешта достондан иборат «Хамса» асари шоир ижодининг юксак чўққиси экани таъкидланди.

Учрашув иштирокчилари Навоий шеъриятининг Қуръон ҳикматлари ва тасаввуф анъаналари билан суғорилган чуқур маънавий асосларини муҳокама қилди. Унинг асарларида адолат, эзгулик ва инсон руҳиятининг уйғунлиги каби ғоялар улуғлангани эътироф этилди.

Шунингдек ўқинг

Навоий меросининг Бобурийлар сулоласи орқали Ҳиндистон билан бўлган тарихий алоқаларига алоҳида урғу берилди. Мазкур сулола вакиллари Марказий Осиё адабий анъаналарини Жанубий Осиё минтақасида ривож топишига салмоқли ҳисса қўшган.

Профессор Мазҳар Асиф Ўзбекистоннинг ислом ва жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк истеъдодлар бешиги сифатидаги ролини юқори баҳолади.

У Алишер Навоийнинг адабий даҳоси билан бир қаторда, ўзбек халқининг Имом Бухорий, Имом Термизий, Баҳоуддин Нақшбанд, Бурҳонуддин Марғиноний, Муҳаммад Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний ва бошқа атоқли мутафаккирлари меросини алоҳида қайд этди. Ушбу алломаларнинг илоҳиёт, фиқҳ, тиббиёт, математика, астрономия, фалсафа ва бошқа соҳалардаги фундаментал асарлари глобал фан ва маданият ривожига асос бўлгани таъкидланди.

Тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоийнинг ўз асарларида дўстликка ва адоватдан воз кечишга бўлган чорлови бугунги кунда ҳам ўта долзарб эканлиги ҳақида якдил фикр билдирди.

Шунингдек, университет раҳбариятининг 2026/27 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ўқув дастурига «Ўзбек тили, адабиёти ва маданияти» ихтисослигини расман киритиш бўйича тарихий қарорига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ташаббус икки давлат ўртасидаги маданий ва академик алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим босқич бўлди ҳамда университетнинг маданиятлараро англашувни кучайтиришга бўлган интилишини акс эттирмоқда.

Жамия Миллия Исломия университетидаги янги ўқув дастури цивилизациялар ўртасидаги ишончли кўприк бўлиб хизмат қилиши, Ҳиндистон талабалари ва ёш олимларига ўзбек маданияти ва тарихининг асл овози билан танишиш имконини бериши таъкидланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш