Ўзбекистон ва Туркманистон халқаро юк ташишни соддалаштириш ҳамда давлатлараро чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда
Ноябрь 18, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 14
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев бугун Туркманистон элчиси Шадурди Мередов билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, халқаро юк ташишни енгиллаштириш ва давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари фаолиятини такомиллаштириш муҳокама қилинди.
Хусусан, Тошкент–Ашхобод–Тошкент йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда 2004 йилдаги ҳукуматлараро битимда кўзда тутилган чегараолди ҳудудлари аҳолисининг уч суткагача визасиз ҳаракатланишини қайта тиклаш масалалари кўриб чиқилди.
Консуллик соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ваколатли идоралар ўртасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар тегишли идоралар билан биргаликда муҳокама этилган масалаларни атрофлича ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси