Logo

Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция иштирокчиларига табриги

Апрель 09, 2026. 16:38 • 4 дақ

106
Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий конференция иштирокчиларига табриги

(2026 йил 9 апрель, Тошкент ш.)

 

Ҳурматли анжуман қатнашчилари!

Аввало, буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар тарихи ҳамда меросини ўрганиш ва тарғиб этишдек муҳим ишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган сиз, азизларни бугунги халқаро илмий конференциянинг очилиши билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу анжуманда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган таниқли олимлар – профессор ва академиклар, нуфузли университетлар ва илмий марказларнинг намояндалари, ижодкор зиёлилар, машҳур музей ва кутубхоналарнинг етакчи ходимлари, кўплаб оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этаётгани халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятига жаҳон миқёсида қизиқиш ва эътибор тобора кучайиб бораётганидан далолат беради.

Конференция Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётган кунларда Ўзбекистоннинг уч минг йиллик бетакрор илмий-маданий мерос дурдоналарини ўзида мужассам этган Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтаётгани, айниқса, диққатга сазовор.

Мазкур илмий форум ўлкамиз тарихидаги улуғвор ва ёрқин босқични ташкил этадиган Иккинчи Уйғониш даври – темурийлар Ренессанси моҳиятини чуқур таҳлил қилиш, қизғин муҳокамалар ўтказиш, янги лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.

 

Азиз дўстлар!

Олис XIV асрда, ғоят мураккаб бир замонда ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида миллий давлатчиликни қайта тиклаб, Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва ободлиги йўлида жасорат кўрсатган буюк аждодимиз Амир Темур асос солган қудратли салтанат жаҳон цивилизацияси тарихида қандай ўчмас из қолдиргани сизларга яхши маълум.

Бу ҳақда гапирганда, дунёдаги ўнлаб давлатлар ҳудудида Амир Темур ва темурийлар даврига оид меъморий обидалар ҳозирга қадар сақланиб келаётгани, турли минтақа ва мамлакатларда бу улуғ шахс ва унинг сулоласига бағишлаб кўплаб бадиий, илмий ва тасвирий асарлар яратилганини таъкидлаш лозим.

Шунингдек ўқинг

Маълумки, Амир Темур ота юрти Шаҳрисабзда ўзи бунёд эттирган гўзал меъморий обида – Оқсарой пештоқига “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар шиоридир”, деган сўзларни ёздирган эди.

Бу ҳикматли сўзлар бугунги кунимиз учун ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Чунки тинчлик ва адолат ҳукм сурган жойдагина илм-маърифат, санъат, адабиёт ва маданият тараққий топади.

Шу маънода, темурийлар Ренессанси нафақат Турон ўлкаси, балки бутун Шарқ оламининг илм-фани ва маданий равнақига кучли таъсир кўрсатиб, янги маънавий юксалиш даврини бошлаб бергани бежиз эмас.

Ушбу сулоланинг машҳур намояндалари бўлган Мирзо Улуғбек, Бойсунқур Мирзо, Иброҳим Султон, Султон Ҳусайн Мирзо, Алишер Навоий, Бобур Мирзо ва бобурийларнинг илмий кашфиётлари, етук бадиий асарлари ана шу ноёб маданий феномен маҳсули сифатида вужудга келганини жаҳон олимлари кенг эътироф этадилар.

Янги Ўзбекистонда Амир Темур ва темурийлар меросининг умумбашарий цивилизация тарихидаги ўрни ва аҳамиятини ўрганиш, уни юртимиз ва чет элларда кенг оммалаштириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Амир Темурнинг 690 йиллиги муносабати билан алоҳида қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга биноан ҳар йилнинг апрель ойи мамлакатимизда Амир Темур ойлиги деб эълон қилиниши, маҳаллий ва халқаро миқёсда илмий-амалий конференциялар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Бугунги анжуман ҳам ана шу йўлдаги яна бир амалий қадам бўлиб, биз Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўстлари бўлган сизлар каби заҳматкаш олим ва тадқиқотчилар билан темурийлар Ренессансини, умуман, бой меросимизни чуқур ўрганиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-маънавий ислоҳотлар билан жаҳон жамоатчилигини янада кенг таништириш борасидаги ҳамкорликни изчил давом эттирамиз.

Анжуман давомида сизлар халқимиз даҳоси билан яратилган юртимиздаги тарихий-меъморий обидалар, маданий ёдгорликлар, нодир қўлёзма ва китоб фондлари билан яқиндан танишиб, уларни тадқиқ этиш, асраш ва тарғиб этиш бўйича қимматли таклиф ва тавсияларингизни билдирасиз деб ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли фаолиятингизда янги ютуқлар, конференция ишига эса муваффақият тилайман. 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш

Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги “Japanistan” креатив лойиҳаси муҳокама қилинди
Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналаридаАпрель 09, 2026. 14:55

Барчаси