Ўзбекистон Президенти: Маҳалла одамлар учун ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айланиши зарур
Июль 16, 2026. 20:15 • 7 дақ
• 117
ТОШКЕНТ, 16 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун маҳаллаларга янги муҳит олиб кириш ҳамда “маҳалла еттилиги” фаолиятини янгича ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси бу йил инфратузилмани яхшилаш, одамлар ва тадбиркорлар учун шароит яратиш мақсадида туманларга ўртача 250 миллиард сўмдан, маҳаллаларга эса 5,5 миллиард сўмдан маблағ берилганини таъкидлади.
Туман ҳокимлари ва маҳалла раисларининг тушум бўйича ваколатлари кенгайтирилгани натижасида ҳудудда қоладиган қўшимча даромад 2 баробаргача кўпайди. Туманларда ўртача 22 миллиард сўмдан қўшимча маблағ қолди, маҳалла бюджетига эса ўртача 150-200 миллион сўм тушди.
– Лўнда айтганда, ҳудуддаги масалаларни ҳал қилиш учун ҳокимда ҳам, маҳалла раисида ҳам, умуман, “еттилик”нинг ҳар бир вакилида ресурс ва ваколат бор. Етишмаётган жиҳат – масъулият ва ташаббускорлик, – деди Президентимиз.
Таҳлиллар айрим маҳаллаларда муаммолар вақтида ҳал этилмаётганини кўрсатмоқда. Шу йилнинг ўзида Халқ қабулхоналари орқали 87 та маҳалланинг ҳар биридан 200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Шунингдек, “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида бу йил 7,5 триллион сўм ажратилган бўлса-да, 2 минг 136 та маҳаллада бирорта лойиҳа ғолиб чиқмаган. Кичик лойиҳалар учун банклар томонидан олти ойда 18,5 триллион сўм ресурс ажратилиб, 110 мингта микролойиҳа амалга оширилган, 259 минг одам ишли бўлган. Лекин 47 та маҳаллада бор-йўғи 2 тадан микролойиҳа ишга туширилган.
Айрим туманларда лойиҳаларга камбағал оилаларни жалб қилиш даражаси пастлиги, 960 та камбағал оила яшайдиган 32 та маҳаллада бирорта ҳам эҳтиёжманд одам доимий ишга жойлаштирилмагани танқид қилинди. Шунингдек, 883 та маҳаллада банкирлар хонадонбай юриб, лойиҳа қилмагани, тадбиркорлар билан учрашмагани қайд этилди.
Шу сабабли йил бошидан маҳаллада ишни тўғри ташкил қилмаган 152 нафар раҳбар ишдан олинган, яна 700 нафарига интизомий чора кўрилган.
Йиғилишда маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш ва “еттилик” масъулиятини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари маҳалла одамлар учун чинакам ишонч, таянч ва имкониятлар марказига айланиши зарурлигини таъкидлади.
Яқинда маҳалла бошқарувини самарали ташкил қилиш бўйича Президент фармони имзоланди. Унга кўра, маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни қайд этувчи шахсдан ўз ҳудудининг “иқтисодий буюртмачиси”га айланиши керак.
Энди ҳар бир маҳалла раиси ўз ҳудудининг иқтисодий ва ижтимоий буюртмасини шакллантиради. Бунда муаммо аниқ ҳисоб-китоб қилинади, лойиҳа тайёрланиб, масъул ташкилотларга вазифа қўйилади. Маҳаллаларда хусусий боғча, мактаб, клиника ва спорт иншоотлари қуриш учун ерни аукционга чиқариш ваколати ҳам маҳалла раисларига берилади.
Давлатимиз раҳбари маҳалла раиси ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, тозаликни таъминлаш ва даромадни кўпайтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларда ташаббускор бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Бундай лойиҳалар учун “маҳалла еттилик”ларига 10 миллион сўмдан грант ажратилади. Ушбу мақсадлар учун жами 240 миллиард сўм ресурс шакллантирилади.
Маҳалла раиси ўз ҳудудининг ҳақиқий бошқарувчиси бўлиши шарт. У ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим, профилактика инспектори, солиқчи ва маҳалла банкирининг ҳафталик ҳамда ойлик иш режасини тасдиқлаб беради, уларга аниқ вазифа қўйиб, сўров қилиб боради.
“Еттилик” фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ва ҳудуддаги муаммоларга илмий ёндашиш учун Маҳаллани ривожлантириш миллий институти ташкил этилади. У “еттилик”ни ўқитади, маҳаллалардаги долзарб масалаларга илмий ечимлар ишлаб чиқади.
Йиғилишда маҳалла банкирларининг иш услуби ҳам тубдан ўзгариши белгиланди. Энди банклар ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаб, ташаббускорларни топиши ва даромадли лойиҳаларни кўпайтириши зарур. Бундан буён битта маҳалла банкирига кўпи билан учта маҳалла бириктирилади.
Маҳалла банкирлари ҳудуддаги банк мижозлари билан ишлаб, иш ўринлари ва уларга қўйилган талабни аниқлайди. Маҳалладаги ишсизларни шу касбларга ўқитиш учун бандлик бўлимига буюртма беради ва ўқишни битирганларни ишга жойлаштиради.
Жорий йил оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун қўшимча 2 триллион сўм имтиёзли ресурс берилди. “Оғир” маҳаллалар учун кредит ставкаси 17,5 фоиздан 12 фоизга туширилди. Энди маҳалла банкирлари ўзи топган лойиҳаси учун ушбу ресурсдан фойдаланиши мумкин бўлади.
Давлат банклари маҳаллаларни ихтисослаштириш, “Агростар” компаниялари билан бирга “етиштириш – қайта ишлаш – сақлаш – қадоқлаш – сотиш” занжирини яратиш бўйича ишлайди. Бир ойда 1 мингта маҳаллада иш бошлаш, ҳар бир маҳаллада камида 3 тадан “локомотив” лойиҳани амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Маҳаллалар бюджетини мустаҳкамлаш бўйича ҳам янги ташаббуслар илгари сурилди. Эндиликда маҳалладаги нотурар объектлардан тушган ер ва мулк солиғининг 5 фоизи ҳам маҳалланинг ўзига берилади. Бу орқали маҳаллалар ихтиёрида йилига яна 400 миллиард сўм маблағ қолади.
Йил давомида энг кўп тадбиркорларни рўйхатга олган, энг кўп янги иш ўрни яратган, тушум даражаси энг юқори бўлган ва энг кўп қўшимча солиқ базаси топган 200 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан мукофот берилади.
Умуман, янги ташаббуслар ҳисобига маҳаллалар бюджетига тушум жорий йил 1 триллион 600 миллиард сўмга, келаси йилдан эса 2 триллион сўмга етади.
Юртимизда 2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинган. Шу асосда барча соҳалардаги ислоҳотлар натижаси, аввало, маҳаллада ва одамларнинг кайфиятида намоён бўлиши кераклиги таъкидланди.
Бу йил Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз” деган эзгу ғоя асосида кенг нишонланади. Энг улуғ, энг азиз байрамни маҳаллаларда кўтаринки руҳда ўтказиш учун “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” эълон қилинди.
Маҳаллада ободончилик ишларини ташкил этиш бўйича Бош вазир бошчилигида республика штаби тузилади, ҳудудий штабларга ҳокимлар раҳбарлик қилади. Бу ишлар бир ойлик акция эмас, балки йил бўйи ишлайдиган умуммиллий ҳаракатга айлантирилиши зарурлиги таъкидланди.
Меҳнатга яраша рағбат бўлиши учун йил якуни билан кўп қаватли уйлардаги “Энг ораста хонадон”, маҳалладаги “Энг файзли ҳовли”, ҳудуддаги “Энг обод кўча”, туман ва вилоятдаги “Энг намунали маҳалла” номинациялари жорий этилади.
Танлов ғолиблари бўлган кўп қаватли уйлардаги квартиралар учун мол-мулк солиғидан, ҳовли-жойлар учун эса ер солиғидан имтиёз берилади. Яхши тажриба яратган “маҳалла еттилиги” мукофотланади, уларнинг иш услуби бошқа ҳудудларга намуна қилиб кўрсатилади.
– Маҳалла – халққа энг яқин бошқарув бўғини. Одамларнинг кундалик масалалари шу ернинг ўзида, ортиқча оворагарчиликсиз ҳал бўлиши керак, – деди Президентимиз.
Ҳозир “еттилик” орқали 100 га яқин хизмат кўрсатилмоқда. Энди барча давлат хизматлари босқичма-босқич маҳаллага туширилади.
Маҳаллаларда ижтимоий ёрдамлар кўламини кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Жойларда ижтимоий реестрга киритишни асоссиз рад этиш ёки сунъий равишда реестрдан чиқариш ҳолатлари учраётгани танқид қилинди.
Оқибатда эҳтиёжманд оилалар ижтимоий ёрдам олиш, фарзандини боғча ва тўгаракка бериш каби кафолатланган хизматлардан фойдалана олмаяпти. 184 та маҳаллада бир ой ичида келган 2 минг аризанинг барчаси асоссиз рад қилинган. Шу сабабли реестрга кириш масаласида Президентга мурожаатлар йил бошидан 1,5 баробар ошиб, 30 мингдан 46 мингга кўпайган.
Бош прокуратурага ижтимоий реестр тўғри юритилишини қатъий назорат қилиш топширилди. Йил якунигача ногиронликни эрта аниқлаш, хонадонларни мослаштириш, ижтимоий уйга жойлаштириш каби 25 турдаги хизматни маҳаллага тушириш вазифаси қўйилди.
Уч ойда деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизмати ҳамда “Мадад” уйлари, 75 та маҳаллада ўзгалар парваришига муҳтож кексалар учун “Фаол ҳаёт” дастури, шунингдек, қаровсиз қолган ва зўравонликка учраган болалар учун қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.
Маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш бўйича яратилган тизим ўз натижасини бермоқда. Сўнгги уч йилда криминоген вазияти оғир бўлган 1 минг 162 та маҳалланинг 571 тасида бу йил бирорта жиноят содир этилмади.
Жумладан, видеокамералар ўрнатиш, хавфсиз кўча ва йўлаклар ташкил қилиш, оилаларга психологик ёрдам кўрсатиш, эҳтиёжманд, ишсиз ва жиноятга мойил аҳоли қатлами билан манзилли иш олиб бориш натижасида “қизил” тоифадаги айрим маҳаллаларда жиноят содир этилмаган.
Жиноятчиликни жиловлашга масъул илмий ташкилотлар билан бирга намунали маҳаллалар тажрибаси асосида методика ишлаб чиқилади. Йил давомида “қизил” ва “сариқ” тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторлари ушбу методика бўйича жойига бориб ўқитилади.
Йиғилиш давомида мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди, маҳалла вакиллари билан мулоқот қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси