Владивостокда қийин аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди
Июль 16, 2026. 21:00 • 2 дақ
• 1
ВЛАДИВОСТОК, 16 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари ҳамкорлигида Приморск ўлкасида оғир аҳволга тушиб қолган оила Ватанга қайтарилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Маълум бўлишича, ушбу ҳудудда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб келаётган ватандошимиз О.А. бахтсиз ҳодиса туфайли бошидан оғир жароҳат олиб, мустақил ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум бўлган ва тўшакка михланиб қолган. Унинг турмуш ўртоғи Х.У. эса беморни доимий парвариш қилишга мажбур бўлгани сабабли ишлаш имкониятини йўқотган. Натижада оиланинг молиявий аҳволи оғирлашган.
Мураккаб вазиятда қолган, тиббий муолажалар, дори-дармон ҳамда ижара ҳақини тўлашда қийналган ҳамюртларимиз Бош консулхонага амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат зудлик билан ўрганилиб, бемор фуқарони Ўзбекистонга хавфсиз олиб келиш чоралари кўрилди. Миграция агентлиги жамғармаси маблағлари ҳисобидан бемор, унинг турмуш ўртоғи ва уларга ҳамроҳлик қилиш учун Ўзбекистондан жалб этилган малакали шифокор номига Владивосток–Москва–Тошкент йўналиши бўйича авиачипталар харид қилинди.
Юртдошларимиз Владивосток халқаро аэропортида Бош консулхона ходимлари томонидан кузатиб қўйилди ва улар Ватанга соғ-омон етиб келди.
Мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналари томонидан хорижда қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар давом эттирилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси