Ўзбекистон Президенти “President Tech Award”да ғолиб бўлган лойиҳалар тақдимоти билан танишди
Февраль 24, 2026. 17:44 • 2 дақ
• 63
ТОШКЕНТ, 23 февраль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган ёшлар билан мулоқот доирасида “Рақамли технологиялар йўналишида энг яхши стартап” – “President Tech Award” лойиҳаси ғолибларининг тақдимоти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур танлов Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида 2023 йилдан бошлаб ўтказиб келинмоқда. Унинг умумий мукофот жамғармаси 1 миллион долларни ташкил этади.
Танловда сунъий интеллект, ижтимоий технологиялар, MicroSaaS ва AdTech, молиявий технологиялар ва тадбиркорлик, ўйин дастурлари ҳамда махсус йўналиш – хакатон бўйича энг намунали лойиҳалар танлаб олинади.
Илк ташкил этилган танловда тўрт мингдан зиёд иштирокчи қатнашган бўлса, 2025 йилга келиб, иштирокчиларнинг сони олти мингга яқинлашди. Жамоаларнинг сони эса 444 тадан 862 тага етди.
Давлатимиз раҳбарига танлов ғолиблари ўзларининг стартап лойиҳалари, уларнинг афзалликлари ва амалий самараси хусусида сўзлаб берди.
– Биз кичик стартаплар катта-катта лойиҳаларга, даромадли бизнесга айланиши учун зарур шароитларни яратиб беришга тайёрмиз. Бунинг учун ҳар бир стартапчи билан мулоқот қилиш, унга керакли ёрдамни кўрсатиш лозим, – деди Ўзбекистон Президенти.
Ёшларнинг қизиқишларини қўллаб-қувватлаш орқали келажак касбларига замин яратилаётгани, дунё давлатлари ҳам ёшларнинг стартап лойиҳаларига алоҳида қизиқиш билдираётгани таъкидланди.
Президентимиз стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга маблағлар янада кўпайтирилишини айтиб, ёшлар ўзларининг янгича қарашлари ва ғоялари билан яна қайси соҳа ва йўналишларда изланиши кераклиги юзасидан тавсияларини берди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
