Варшавада Ўзбекистон маданияти куни бўлиб ўтди
Февраль 24, 2026. 19:27 • 2 дақ
• 33ВАРШАВА, 24 февраль. /“Дунё” АА/. Польша пойтахтида Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Варшава университети ҳамкорлигида “Ўзбекистон маданияти куни” ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Юртимиз элчихонаси ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбир мамлакатимизнинг бой тарихий-маданий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш, илмий-академик алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон–Польша ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим платформа бўлди.
Тадбирда Варшава университетининг Осиё ва Африка маданиятлари факультети Туркология ва Марказий Осиё халқлари бўлими мудири Ян Рогала сўз юритиб, ўзбек халқининг буюк мутафаккирлари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Мазкур университетнинг Озарбайжон тадқиқотлари маркази раҳбари Шахла Казимова Ўзбекистоннинг бой маданияти, туризм салоҳияти ва улкан тарихий мероси ҳақида фикр билдирди.
Тадбир давомида Алишер Навоийнинг “Хамса” достони конкорданслари тақдимоти ўтказилиб, Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчилари томонидан мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тақдимот намойиш этилди.
Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларининг шарқ тилларига таржималари жамланган тўплам тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тадбир давомида мазкур тўпламдан намуналар турли шарқ тилларида ўқиб эшиттирилди.
Иштирокчилар Варшава университети ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилаётган Туркология марказини ривожлантириш масалалари бўйича ҳам фикр билдирди. Мазкур марказ учун алоҳида хона ажратилиши ва унда ўзбек халқининг бой маданияти ҳамда илмий-адабий меросини намойиш этувчи экспозиция ташкил этиш лозимлиги маълум қилинди.
Польша томони ушбу марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон томонидан зарур ўқув-услубий материаллар, адабиётлар ва маданий-экспозицион жиҳозлар билан кўмаклашиш масаласида таклиф билан чиқди.
Тадбир якунида томонлар ўртасида илмий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзбек адабий меросини халқаро миқёсда тизимли равишда тарғиб этиш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси




