Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Қатар бозорига кириб бормоқда
Февраль 24, 2026. 17:58 • 2 дақ
• 57Доҳадаги халқаро кўргазмада 1 миллион долларлик келишувларга эришилди
ДОҲА, 24 февраль. /“Дунё” АА/ Қатар пойтахтида бўлиб ўтаётган “Doha Dried Fruits and Nuts Expo” халқаро кўргазмасида Ўзбекистоннинг олтита етакчи экспортёр компанияси иштирок этмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур халқаро майдон ўзбек озиқ-овқат саноати салоҳиятини Қатар бозорида намойиш этиш, янги стратегик ҳамкорлар топиш ва экспорт ҳажмини ошириш учун муҳим платформага айланди. Кўргазмада мамлакатимиздан “Spice Expert” (зираворлар), “Iron Lit” (сублимация маҳсулотлари), “Irvadon Asal Savdo” (асал ва қуритилган мевалар), “Angels Future Trade” (дуккакли маҳсулотлар), “Nissa” (зираворлар ва мевалар) ҳамда “Fruteacorp” (чой маҳсулотлари) каби компаниялар қатнашмоқда.
Юртимизда етиштирилган юқори сифатли маҳсулотлар Қатарлик тадбиркорлар, йирик дистрибьюторлар ҳамда чакана савдо тармоқлари вакиллари томонидан юксак қизиқиш билан кутиб олинди. Айниқса, сублимация (freeze-dried) технологиясида тайёрланган инновацион озиқ-овқатлар, табиий тоза асал ва ўзига хос таъмга эга чой турлари Қатар бозорининг қатъий талабларига тўла жавоб бериши алоҳида эътироф этилди.
Кўргазма доирасида маҳаллий экспортчиларимиз учун «B2B» форматида мақсадли музокаралар ташкил этилди. Ушбу учрашувларнинг дастлабки натижаси сифатида ўзбек маҳсулотларини Қатар бозорига етказиб бериш бўйича 1 миллион долларлик шартномавий келишувларга эришилди.
Бу натижалар Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари халқаро бозорларда рақобатбардош эканини яна бир бор исботлади. Қатар билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва экспорт географиясини диверсификация қилиш йўлида мазкур кўргазма муҳим амалий қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси



