Ўзбекистон Президенти Олмазордаги замонавий фармацевтика корхонасига борди

Сентябрь 11, 2026. 17:55 • 2 дақ

33
Ўзбекистон Президенти Олмазордаги замонавий фармацевтика корхонасига борди

ТОШКЕНТ, 11 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун “RomPharm NS” дори воситаларини ишлаб чиқариш корхонасида бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентининг 2025 йил 28 январдаги “Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳада ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фаолият юритаётган “RomPharm NS” дори воситалари ишлаб чиқариш корхонасида бу борада амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик.

Корхонанинг асосий мақсади ички бозорни сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишдан иборат. Келгусида йиллик қувватни 1 миллиард дона таблетка, 500 миллион дона капсула ва 120 миллион дона сашега етказиш режалаштирилган.

Корхона ўзининг тўлиқ ишлаб чиқариш цикли ва назорат лабораторияси Европа Иттифоқининг GMP стандартлари асосида ташкил этилган Марказий Осиёдаги биринчи мажмуалардан бири ҳисобланади.

Шунингдек ўқинг

Лойиҳанинг умумий қиймати 45 миллион еврони ташкил этади. 1,7 гектар майдонни эгаллаган корхонада 150 та янги иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш жараёнининг 90 фоизи автоматлаштирилган. Замонавий ускуналар Италия, Германия, Австрия, АҚШ, Швейцария ва Болгариядан келтирилган.

Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар тўлиқ импорт ўрнини босишга йўналтирилган. Асосий эътибор неврология, кардиология, метаболик жараёнлар ҳамда яллиғланишга қарши йўналишларда қўлланиладиган дори воситаларини ишлаб чиқаришга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари корхона фаолияти билан танишар экан, замонавий технологияларга асосланган қувватларни кенгайтириш, ички бозорни сифатли фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. Асосий мақсад импортга боғлиқликни камайтириш ва соҳада янги иш ўринлари яратиш экани қайд этилди.

Шу ернинг ўзида Президентимизга корхона фаолиятининг истиқболдаги режалари хусусида тақдимот қилинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш